Линклар

logo-print

Блэр Британия Американинг лайчаси эмаслигини таъкидлади.


Акрам Файзулло Британия Бош Вазири Тони Блэр Америка билан биргаликда Ироққа бостириб кириш ҳақида қарор берганидан ҳали ҳам пушаймон эмаслигини айтди. Сешанба куни ҳукмрон “Меҳнат” партиясининг йиллик йиғилишида чиқиш қилган Блэр, ўзининг нима учун Қўшма Штатларнинг энг яқин иттифоқдоши эканини қуйидагича тушунтирди:

“Нима учун мен у ерда бир томонда Америка билан, бошқа ëнда эса Европа томонида туриб жанг қилаяпман. Чунки Америка ва Европа бир-бири билан ҳамкорлик қилмас экан, терроризмни мағлубиятга учратиб бўлмайди. Яна шуни очиқ айтмоқчиманки, мен Американинг бир томонлама ҳаракат қилишидан эмас, балки Американинг яккаланиб қолишидан чўчийман”, - деди Блэр. У Ироқ уруши миллионлаб одам эътирозига сабаб бўлган бўлса-да, мамлакатдаги ҳозирги вазият Саддам Ҳусайн давридагига нисбатан анча яхши эканини таъкидлади.

“Биз Милошевич ҳокимиятдан ағдарилганига, Толиблар ҳокимиятдан четлаштирилганига ëки Сиерра-Леон озод қилинганига афусланмаймиз. Демоқчиманки, келишмовчиликларга қарамай, Ироқ Саддамсиз яхшироқ мамлакат бўлди”, - деди Блэр.

Блэр, Ироқ урушини бошлашга асосий сабаб қилиб кўрсатилган оммавий қирғин қуролларининг ҳали ҳам топилмагани ва Ироқ билан боғлиқ бошқа қатор муаммолар туфайли, шу кунларда кескин танқидларга учрамоқда.

Британия Бош Вазири сешанба кунги чиқишида Буш маъмурияти сиëсатини кўр-кўрона қўлламаëтгани ва бунинг ортида аввалбор Британия миллий манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифа ëтганига алоҳида урғу берди:

“Айтайлик, террорчилар 11 сентябрдагидек ëки ундан ҳам даҳшатлироқ ҳужумларни содир этишди, айтайлик улар кимëвий, биологик ëки ядровий қуролларга эга бўлишди. Хўш, унда нима бўлади? Ва агар бу 21 аср таҳдиди бўлса, Британия бунга қарши курашиши керак, биз буни Американинг лайчаси бўлганимиз учун эмас, балки Британия хавфсизлиги учун қилишимиз лозим”, - деди Блэр.

Британия “Меҳнат” партиясининг йиллик йиғилишида қатнашган делегатларнинг аксарияти кутилмаганда Блэр чиқишига нисбатан ижобий муносабат билдиришди. Британия сиëсатчилари ва матбуоти муносабати ҳам, умуман олганда ижобий бўлди.

Аммо Лондондаги “Economist Intelligence Unit” тадқиқот маркази таҳлилчиси Чарлз Женкинс Блэр олдида ҳали амалга ошириши лозим кўп ишлар турганини айтади:

“Албатта, Тони Блэр авваламбор партия қурултойида қатнашаëтган делегатларнинг аксариятини ўз сиëсатига ишонтириши керак. Мунозаралар давом этаëтгани туфайли, унинг бунга эриша олган-олмаганини айтиш қийин. Аммо у агар ҳокимиятда қолишни истаса, бутун мамлакатни ўзига ишонтириши лозим, мамлакатдаги жуда кўп одамлар эса ҳукумат сиëсатидан норозидирлар”, - дейди таҳлилчи Чарлз Женкинс.

Кузатувчилар фикрича, агар Блэр, айниқса, Ироқ билан боғлиқ муаммолар юзасидан кескин чора-тадбирлар кўрмаса ва кўпчилик британияликларнинг ишончини қозона олмаса, унинг сиëсий истиқболи жиддий хавф остида қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG