Линклар

ЕХҲТ Марказий Осиёда журналистларнинг таъқиб этилаётганидан хавотирда


Шайбон Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) бир қатор мамлакатларда оммавий ахборот воситаларига тазйиқ ўтказилаётганидан хавотир билдирди. Шу муносабат билан тарқатилган баёнотда айтилишича, айни ҳолат Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонда кўплаб кузатилмоқда.

ЕХҲТнинг ОАВ бўйича вакили Фреймут Дуве Марказий Осиёдаги мавжуд ҳолатга баҳо берар экан: «Мен Ўзбекистонда қалбаки ҳужжатлар асосида қамоққа тиқилиб, қийноқларга дучор қилинган журналистларни биламан. Қирғизистон ва Тожикистонда журналистларга таҳдид қилиш одатий ҳолга айланган. Қозоғистонда эса ОАВнинг асосий қисми мамлакат раҳбари Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари қўлида тўпланган», дейди.

Журналист Абдураҳмон Ташанов ЕХҲТнинг ушбу баёноти ҳақида фикр билдириб, Ўзбекистонда журналистларни таъқиб қилиш ва уларга тазйиқ ўтказиш доимий тус олганини таъкидлайди. Шу кунгача Пўлат Гадоев, Мажид Абдураимов каби йигирмадан ортиқ журналист қамоққа тиқилгани фикримизнинг далилидир, дейди у.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев журналистларга ўтказилаётган тазйиқлар маълум шахслар иродаси билан амалга оширилаётганини айтади. Унинг сўзларига қараганда, «Моҳият» газетаси устидан олиб борилаётган суд жараёни шундан далолат беради.

А.Аннаев ўзбек журналистлари қўрқув остида экани ҳақида ЕХҲТ вакили билдирган фикрларни тасдиқлади.

У мавжуд вазиятга: «Ўзбекистонда тўғри гапни айтган журналистнинг тили кесилади, ҳақиқатни ёзганининг қўли синдирилади», дея образли қилиб баҳо берди.

Кузатувчилар Ўзбекистон матбуоти бугунги кунда оғир аҳволда эканини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, бу вазиятни ЕХҲТ ёки бошқа халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларию маърузалари билан юмшатиб бўлмайди. Ҳатто Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан олиб борилиши ваъда қилинган мониторинг ҳам аҳволни ўнглай олмади. Шу боис ўзбек журналистларининг хавотирга тушиши табиий ҳолдир, дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG