Линклар

Ўзбекистонда пахта контрабандаси кучаймоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларида жиноятчиликнинг янги тури – пахта контрабандаси пайдо бўлди. Айрим кимсалар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани қўшни Қозоғистон фуқароларига ноқонуний тарзда пулламоқда.

Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Ўзбекистоннинг Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари билан чегарадош. Пахта контрабандаси айнан шу ҳудудларда кузатилмоқда.

Сирдарё вилоятида жиноятнинг бу тури, айниқса, кўпайиб бораётир.
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Сирдарё туманидаги «Малик» ширкатлар уюшмасида яшовчи фуқаро Омонкелди Орзиқулов саккиз нафар шериги билан 830 килограмм пахтани эшак аравага юклаб, Қозоғистон Республикасига олиб ўтмоқчи бўлганида қўлга олинган. Шу туманнинг «Истиқлол» ширкат хўжалигида яшовчи Ғофуржон Пўлатов эса жорий йил ҳосили бўлган 2175 килограмм пахта хомашёсини қўшни давлатга сотиш мақсадида ўз уйига яшириб қўйган. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Вилоят прокуратурасидан олинган маълумотларга қараганда, ноқонуний пахта савдоси билан шуғулланаётган фуқароларнинг Қозоғистонда тайин харидорлари бор.

Кузатувчиларнинг айтишича, пахта контрабандасининг пайдо бўлиши сабаблари деҳқонларнинг иқтисодий аҳволига бориб тақалади. Пахтакорлар етиштирган ҳосили учун давлат томонидан етарли манфаат кўрмаётир. Айни пайтда давлат бир тонна пахтани ўрта ҳисобда 195 минг сўмдан харид қилмоқда. Бироқ контрабандачилар ҳар килограмм пахтани Қозоғистондаги оддий чайқовчига нақд 500 сўмга (1тоннаси 500 минг сўм) сотмоқда. Айнан шу ижтимоий адолатсизлик кишиларни пахта контрабандаси билан шуғулланишга ундамоқда.

Ўзбекистон Президентининг «2003 йил пахта хомашёсининг сақланишини таъминлаш, нобуд бўлиши, талон-тарож қилиниши ва қонунга зид ҳолда республика ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш ҳақидаги» фармойишига кўра Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларда саксондан ортиқ милиция назорат маскани ташкил этилган. Чегара ҳудудларда яшовчи аҳоли бундай ноқонуний ҳаракатларнинг оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилган.

Кузатувчилар назорат қанчалик кучайтирилмасин, пахта контрабандаси барибир давом этаётганини таъкидламоқда. Уларнинг айтишича, ҳозир бундай жиноятларнинг асосий қисми тун қоронғусида содир этилаётир. Айрим ҳолларда эса контрабандачиларга милиция ходимларининг ўзлари ҳам шерик бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG