Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:52

Раста бузаётган маъмурлар (ёхуд Ўзбекистонда бозорларни касод қилишга киришилгани ҳақида)


Бир неча кундан буён Тошкент бозорларида хусусий тадбиркорлар савдо қиладиган расталар бузиб ташланмоқда. Бу Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июлдаги 330-сонли қарори ижросини таъминлашга киришилганини билдиради.

Бироқ «Ноозиқ-овқат истеъмол товарлари билан савдо қилишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги бу қарорда расталарни бузиш ҳақида гап-сўз йўқ. Хўш, унда «бунёдкор халқ» маъмурларининг растабузарлик қилаётганини қандай тушуниш керак?

Мазкур қарорга кўра, 1 октябрдан бошлаб барча бозорларда ноозиқ-овқат товарлар билан савдо қилувчилар касса аппаратларидан фойдаланиши керак. Савдодан тушган пул эса банкларга топширилиши лозим.

Лекин мазкур қарор ҳам Вазирлар Маҳкамасининг шунга ўхшаш аввалги қарорлари сингари тадбиркорларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлди. Уларнинг айтишича, биринчидан, ҳаммани бирданига касса аппаратлари билан таъминлаш имконияти йўқ. Бундан ташқари, касса аппарати анча қиммат туради ва бозорларнинг ўзида улардан фойдаланиш учун шароитлар яратилмаган. Иккинчидан, савдодан тушган пулни банкка топширгач, хоҳлаган пайтда уни олишга кафолат йўқ.

Хуллас, солиқ органлари ва бозор маъмурлари Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини кўнгилдагидек бажара олмасликка кўзи етгач, сўнгги чорани қўллаб, савдо аҳлининг расталарини бузиб ташламоқда.

«Озодлик» мухбири Тошкентдаги «Аския» бозорида айни шундай ҳолатга гувоҳ бўлди.

Бу бозорда 330 нафар тадбиркор фаолият юритади. Расталари бузиб ташлангач, улар қаерга бориб савдо қилишни билмай боши қотган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қоидабузар тадбиркорларга нисбатан жиддий чоралар кўриш белгиланган. Яъни 1 октябрдан бошлаб амалга киритиладиган савдо қоидаларини бузса, тадбиркорлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлади. Бу 550 АҚШ доллари демакдир.

Албатта, бу тартиб тадбиркорларга ёқаётгани йўқ. Уларнинг айтишича, назорат-касса аппаратлари тўғрисидаги қоида фақат давлат таъминотида бўлган тадбиркорларга нисбатан қўлланилиши керак. Ахир менинг шахсий пулим устидан давлатнинг назорат ўрнатишга қандай ҳаққи бор , дейди тадбиркорлардан бири.

Кузатувчилар Ўзбекистонда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун имкониятлар борган сари чекланиб бораётганини эътироф этмоқда. Бу эса мамлакатда ноқонуний савдонинг янада кучайишига туртки бўлаётир, холос.

Шундай ҳам, дейди кузатувчилар, бугунги кунда божхона масканлари орқали мамлакатга кираётган товарларнинг ҳаммаси ҳақиқий божхона назоратидан ўтказилмайди. Қайси ишбилармоннинг амалдор таниш-билиши бўлса, у қонунни четлаб ўтаверади. Ҳақиқий тадбиркор эса 70 фоиз бож тўлаши, солиққа, жойга пул бериши, кунлик тушумни банкка топшириши ва яна бир қанча тўловларни амалга ошириши керак.
XS
SM
MD
LG