Линклар

Оила қурмоқчимисиз? Тиббий кўрикдан ўтинг

  • Барно Анвар

2004 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда оила қуриш истагида бўлган йигит-қизларни тиббий кўрикдан янада чуқурлаштирилган тартибда ва мажбурий равишда ўтказиш жорий этилади.

Ёш йигит-қизларни оила қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби аслида бундан икки йил муқаддам жорий этилган эди. Бироқ у ихтиёрий ҳисобланарди. 2004 йилдан эса ёшлар ФҲДЁ (ЗАГС) бўлимларига ариза билан мурожаат қилгандан сўнг турар-жойларга бириктирилган поликлиникаларга тўғридан-тўғри йўлланма олади ва тиббий кўрикдан мажбурий равишда текин ўтказилади.

«Озодлик» мухбири билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги бундай тиббий кўрик ёш йигит-қизлар учун муҳимлигини таъкидлади. Уларнинг фикрича, мазкур тартиб дардманд йигит-қизлар ўртасида оила қурилишининг олдини олади ва бу, ўз навбатида, соғлом авлод туғилишини таъминлайди. Йигит ёки қизда наслдан наслга ўтувчи касаллик мавжуд бўлгани учун уларнинг турмуши бузилгани ҳақидаги маълумотларни истаганча келтириш мумкин, дейди суҳбатдошлар.

Илгари ихтиёрий бўлган тиббий кўрикнинг мажбурий қилиб белгиланишига бир неча сабаблар бор. Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган поликлиникалардан бирининг ходими сўзларига қараганда, тиббий кўрикдан ўтиш давомидаги талай ноқулайликлар туфайли йигит-қизлар ҳар доим ҳам ихтиёрий бўлган бу тартибга риоя қилмай қўйган эди. Масалан, ёшлар тиббий кўрикдан ўтиш учун баъзан шаҳарнинг турли нуқталаридаги бир неча поликлиникага боришига тўғри келади. Бундан ташқари, тиббий кўрикнинг тўла текинлигини таъминлаш ҳам қийин.

Эндиликда янги тартибдаги тиббий кўриклар ўтказиш учун поликлиникаларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча шароитлар яратилиши таъкидланмоқда.

Янги йилдан бошлаб жорий этиладиган тиббий кўрик тартиб-қоидаларида бир неча ўзгаришлар мавжуд. Пойтахтдаги тиббий муассасалардан бирининг раҳбари сўзларига қараганда, турмуш қурмоқчи бўлган йигит-қиз янги тартибга кўра наркологик ва сил касаллиги диспансерлари кўригидан ўтади, шунингдек, ОИТС (СПИД) бўйича анализ топширади.

Ёш оила қурувчилар учун тиббий кўрикнинг мажбурий этиб белгилангани аҳоли ўртасида маълум эътирозлар уйғотишига кўпчилик шубҳа қилмаяпти. Бироқ, шунга қарамай, аксарият шифокорлар бу тартибнинг жорий этилиши бугунги кун нуқтаи назаридан олиб қаралганда жуда тўғри қарор эканини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG