Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:49

Камбағални урма-сўкма ... уйини тортиб ол


Турғунбек Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ўттиздан ортиқ оила бошпанасиз қолди. Улар яшаётган Қўқон механика заводига қарашли ётоқхона Давлат мулки қўмитасининг вилоят бошқармаси қарори билан Қўқон педагогика институти тасарруфига ўтказилди. Бу ерда яшовчиларга эса 26 сентябргача ётоқхонани бўшатиш талаби қўйилди.

Ётоқхона аҳлининг аксарияти бу ерда кўп йиллардан буён истиқомат қилади. Ётоқхонада яшовчи юздан ортиқ фуқаронинг кўпчилиги аёллар ва болалардир. Улар орасида ногиронлар ҳам бор. Ётоқхонада истиқомат қилувчиларнинг сўзларига қараганда, бу ерда газ, электр, сув тез-тез ўчириб қўйилади. Бу ҳол, айниқса, қиш фаслида кўп бор такрорланади.

Кўриниб турибдики, ётоқхонада яшовчиларнинг аксарияти аҳолининг энг кам таъминланган табақасига мансуб. Шунга қарамай, Давлат мулки қўмитасининг вилоят бошқармаси маъмурлари уларни энг сўнгги бошпаналари – каталакдек хоналаридан ҳам маҳрум қилмоқда.

Қўқон механика заводи директори Қутбиддин Ёқуббековнинг сўзларига қараганда, Вазирлар Маҳкамасининг 119-сонли қарорига кўра давлатга тегишли ташкилотлар тасарруфидаги ортиқча иншоотлар сотилиб, пули давлат бюджетига ўтказилиши керак. Ушбу ётоқхона ҳам шу қарор асосида завод тасарруфидан чиқарилган.

Ётоқхона аҳли ушбу масала юзасидан ҳокимият вакилларидан кўмак ололмагач, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилди.

Ўзбекистон демократик кучлар форуми раиси Исмоил Дадажоновнинг «Озодлик» мухбирига маълум қилишича, ўтган йили ётоқхонада яшовчилардан беш киши – икки нафар ёши катта фуқаро ва уч ёш бола вафот этган. Улар совуқда ўпка шамоллашидан нобуд бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари ётоқхона муаммоси юзасидан норозилик йиғилиши ташкил этди. Унда иштирок этган ётоқхона аҳли агар муаммо ижобий ҳал этилмаса, мамлакат Президенти истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқишини билдирди.

Йиғилишда қатнашган Қўқон шаҳар прокурорининг ўринбосари Акбаржон Юсупов ётоқхонада яшовчиларга мазкур масала қонун доирасида кўриб чиқилади, деб ваъда берди.
XS
SM
MD
LG