Линклар

Ўзбекистон халқаро стандартларга ўтишга интилмоқда


Отабек Ўзбекистонда товарлар ва хизмат кўрсатиш соҳасида халқаро стандартлар самарали жорий этилмаётганини мамлакат расмийлари ҳам тан олмоқда.

25 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида «Сифат бошқаруви тизимлари (ИСО 9001:2000): имкониятлар ва татбиқ этиш йўллари» мавзуидаги анжуман иш бошлади. Унда етмишдан ортиқ маҳаллий корхоналар вакиллари, шунингдек, хорижлик бир неча маърузачи иштирок этмоқда.

Анжуманда таъкидланишича, ИСО 9001 – 2000 халқаро стандартини жорий этиш Ўзбекистонда бошқарув тизимларида, сертификатлашда ва шу билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим масала ҳисобланади. Ҳозирда ИСО халқаро стандартини мамлакатдаги етмишдан ортиқ корхонада татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси иштирокида Ўзбекистонда Халқаро стандартлар ташкилотининг 9000 сериясидаги стандартларини жорий этиш режалаштирилган.

Анжуманда иштирок этган Германиянинг консалтинг компаниялари вакиллари бу масалада ўзбекистонликларга ўз тажрибаларини таклиф этди. Улар мамлакатда халқаро сертификат меъёрларини жорий этиш орқали товарлар ва хизматлар сифатини оширишда ёрдам бера олишини айтмоқда.

Ушбу анжуманда қатнашган Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Бош директорининг ўринбосари Насриддин Нажимов мамлакатда стандартлаштириш масаласида оқсаш борлигини тан олди. Унинг айтишича, бугунги кунда мамлакатда товарлар ва хизматларга халқаро стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг маҳаллий стандартларини қўллаш етарли даражада тарқалмаган. Мавжуд тизим эса ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди.

Анжуман иштирокчиси, Рейн-Вестфалия техник назорат уюшмасининг ваколатли менежери доктор Х.Шульценинг сўзларига қараганда, сифат стандартлари икки хил, яъни ички ва ташқи бозор учун алоҳида-алоҳида бўлиши мақсадга мувофиқ эмас.

«Ҳар бир давлатда, хусусан Ўзбекистонда ҳам, ишлаб чиқаришдан тортиб бошқарув тизимигача халқаро стандартларга асосланилиши лозим», деди Х.Шульце.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон корхоналари эртами-кечми барибир халқаро стандартларга ўтиши лозим. Акс ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларининг жаҳон бозорига кириб бориш йўли беркилади.
XS
SM
MD
LG