Линклар

logo-print

Британия Тошкентдаги элчисини АҚШ босимига қурбон қилдими?


Фарангис Саид 45 ёшлик Крег Мюррей Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганига бир йилдан ошди. Хабарларга кўра, ҳозирда у Лондон касалхонасида даволанмоқда.

Аммо ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Британия Ташқи ишлар вазирлиги элчининг Ўзбекистон ҳукуматини танқид қилгани учун Лондонга чақириб олгани ва ўрнига бошқа одам тайинламоқчи эканини таъкидлаб, бунга норозилик билдиришмоқда. Масала, ҳатто, жаҳон матбуоти диққатини ҳам ўзига қаратди. “Таймс” газетаси ўзининг 1 октябр кунги сонида “элчи Мюррей ўз танқиди билан Британия Ташқи ишлар вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва Ўзбекистон раҳбарияти жаҳлини чиқарганидан сўнг, тинчгина Лондонга қайтди”, - деб ёзди.

Дарҳақиқат, Крег Мюррей Ўзбекистонга борганидан буён расмий Тошкентни республикадаги инсон ҳуқуқлари вазияти учун кескин танқид қилиб келаётган эди. Хусусан, 2002 йил 17 октябр куни Фридом Хаус ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида қилган чиқишида Мюррей мана бундай деган эди:

- Афсуски, Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятлар билан уларнинг амалда қўлланилиши орасида улкан жарлик ётибди. Ўзбекистонда маҳбусларнинг қийноққа солинаётгани яқинда жаҳон ҳамжамияти диққат марказидан ўрин олди.

Шундай дер экан элчи, ўтган йилда рўй берган бир ҳодисани мисол келтирди: “Қайнаган сув билан қийнаш натижасида ҳалок бўлган Авазов ва Олимов билан боғлиқ даҳшатли ҳодиса халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишига сабаб бўлди. Барчамиз бу алоҳида олинган, якка ҳодиса эмаслигини яхши биламиз”. Бу ва бошқа чиқишларида Британия элчиси Ўзбекистон ҳукуматини маҳбусларни қийнаш амалиётини тўхтатишга чақирган ва:

- Халққа эркинлик бериш муқаррар равишда анархия ва беқарорликка олиб келади дегани эмас. Аслида жамиятда тўпланиб қолган ички босимнинг чиқишига йўл қўймаётган нарса – таъқиблардир. Айнан таъқиблар қаршилик, адоват ва ижтимоий кескинликни келтириб чиқаради, - деган фикрни билдирган эди.

Баъзи маълумотларга кўра, бундай “нодипломатик” ёндашув учун Британия ҳукумати Крег Мюррейни элчи лавозимидан бўшатиб, мамлакатга чақириб олишга қарор қилган. Аммо биз билан суҳбатда бўлган Британия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби бу маълумотни тасдиқламади:

- Бизнинг Тошкентдаги элчимиз жаноб Крег Мюррей ҳозирда Британияда даволанмоқда.

Расмийнинг айтишича, Крег Мюррейнинг танқидий чиқишлари Британия Ташқи ишлар вазирлиги билан тегишли равишда мувофиқлаштирилган:

- Йўқ, бу мутлақо нотўғри. Элчининг инсон ҳуқуқлари масаласига ёндашуви Британия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган. Бунинг исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, Британия Ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиллик ҳисоботидан элчи Мюррейнинг ўтган йил октябр ойида Фридом Хаус ташкилотининг Тошкент ваколатхонасида қилган чиқишининг тўлиқ матни ўрин олган.

Айрим маълумотларга кўра, элчининг ити Тошкентда бир одамни қопиб олган ва масала юзасидан тергов иши бошланган. Шу сабаб Мюррейнинг ўзи Лондонга кетишга мажбур бўлган. Бу маълумотни шарҳлашни сўраганимизда, Британия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби бундан хабари йўқлигини айтди.

Мюррей Британияда қанча бўлади, деган саволга ТИВ расмийи:

- Биз буни билмаймиз. Биз одатда шахсий масалаларни шарҳламаймиз. Унинг касалхонада даволанаётганидан бошқа ҳеч нарса айта олмайман, - деб жавоб берди.

Биз билан суҳбатда бўлган Британия Ташқи ишлар вазирлиги ходими Мюррейнинг ўз мамлакатига фақат даволаниш учун борганини қайта-қайта такрорламоқда. Аммо айни вақтда вазирлик Тошкентдаги элчиси ўрнига янги одам юборган. Бу шахс Адам Ноблдир. Биз билан суҳбатда жаноб Нобл ТИВ расмийси айтганларини такрорлади:

- Мен вақтинча Ишончли вакил сифатида Тошкентга келдим. Чунки Крег ҳозирда Лондонда касалхонада. Крег ҳамон Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳисобланади. У фақат даволанмоқда, холос. Бундан бошқа ҳеч нарса дея олмайман.

Крег Мюррей энг ёш Британия элчиларидан биридир. У Тошкентга элчи этиб тайинланишидан кўп ўтмай Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсати учун кескин танқид қила бошлади. Ва бу билан маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари орасида обрў қозонди. Шуни эътироф этар экан, Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Матилда Богнер расмий Лондон элчи чиқишларини бошқача қабул қилган, деб ҳисоблайди:

- Менга етиб келган маълумотларга кўра, Крег Мюррейнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласи хусусида қилган танқидий баёнотлари расмий Лондонга маъқул бўлмаган.

Шундай дер экан, Матилда Богнер Мюррейнинг Лондонга чақириб олинишидан ташвишланаётганини айтади:

- Биз хавотирдамиз. Чунки ҳозиргача у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келди. Агар Мюррейни лавозимидан бўшатишса, унинг ўрнига келадиган янги одам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилмайди ва бунчалик очиқ равишда ҳақиқатни гапирмайди. Крег Мюррей фаолияти жуда муҳим эди, деб ҳисоблайман. Чунки у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида очиқчасига ҳақиқатни гапира бошлаган биринчи дипломатдир.

Ҳақиқатни очиқчасига гапирган дипломатни, маълумотларга кўра, шу йил бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси ўз хузурига чақириб, тушунтириш беришни талаб қилди. Айни вақтда Британия Ташқи ишлар вазирлигида баъзилар Мюррей чиқишларини олқишлаган бўлса, бошқалар улардан ҳайратга тушди, айримлар эса Мюррей ёндашувини “нодипломатик”, деб атади. Унинг ҳамкасблари орасида “ёш дипломат раҳбарият кўзига кўринишга ҳаракат қилмоқда”, деганлар ҳам бўлди.

Бироқ Крег Мюррей танқидни камайтирмади: шу йил май ойида у Европа тикланиш ва тараққиёт банки минбаридан туриб, Ўзбекистонда бой ва камбағаллар орасидаги тафовут тобора чуқурлашаётгани, бу жамиятдаги зиддиятларнинг чуқурлашишига олиб келаётгани, айни вақтда ҳукумат таъқиблари ҳам кучаяётганини таъкидлади. Августдаги чиқишида эса Мюррей республикада на матбуот, на сўз эркинлиги борлиги, ва на бошқа ҳуқуқлар таъминланганини қайта танқид қилди.

ХРУ ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матилда Богнер, кимларгадир нодипломатик бўлиб туюлган Мюррей танқидларининг аслида дипломатия тамойилларига зид эмаслигини айтади:

- Ҳақиқатни гапириш дипломатияга зид эмас. Бошқа мамлакатларда бу амалиёт мавжуд. Ўзбекистонда эса дипломатларнинг ҳукуматни танқид қилиш ҳоллари жуда кам учрайди. Чунки Ўзбекистон ҳозирда АҚШнинг яқин ҳамкори. Шу боис дипломатлар мамлакатдаги вазиятни кескин танқид қилмайдилар. Лекин менимча, дипломатлар, Мюррей каби очиқчасига гапиришлари лозим.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Крег Мюррей фаолиятининг дипломатияга зид ёки мослиги масаласини қандай ҳал этгани номаълум. Ҳозирча вазирлик вакиллари унинг Лондонга вақтинча қайтганини таъкидлашмоқда. Маълумотларга қараганда, Мюррей рафиқаси Фиона ҳамон Тошкентда. Аммо айрим манбаларга кўра, Ишончли вакил Адам Нобл тез орада Британиянинг Тошкентдаги элчиси этиб тайинланиши мумкин.

Боз устига, “Таймс” газетасининг ёзишича, Ўзбекистондаги қарийб 15 нафар Британия тадбиркори мамлакат Ташқи ишлар вазири Жэк Строу номига мактуб йўллаб, элчи Мюррейни ҳимоя қилиш ва уни Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори АҚШ босимига қурбон қилмасликни сўраган. Ҳар қалай, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди!
XS
SM
MD
LG