Линклар

Қўшма Штатларнинг БМТга Ироқ борасида янги резолюция лойиҳасини тақдим қилиши кутилмоқда.


Акрам Файзулло Қўшма Штатларнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим қилиши кутилаëтган янги резолюция лойиҳасида Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун мамлакатга халқаро тинчликни сақловчи кучларни жойлаштириш назарда тутилади. Лойиҳада шунингдек, бошқа мамлакатлардан Ироқдаги қайта қуриш ишлари учун молиявий ëрдам беришлари ҳам сўралади.

Озод Ироқ радиоси директори Дэвид Нютон фикрича, Қўшма Штатлар таклиф қилаëтган резолюция лойиҳаси тасдиқланган тақдирда ҳам Франция ва Германия Ироқдаги қайта қуриш ишларида фаол қатнашмаслиги мумкин.

“Менимча, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ушбу резолюция лойиҳасини қабул қилади. Фақат Франция ва балки Германия овоз беришда бетараф қолишлари мумкин. Аммо резолюция лойиҳаси тасдиқланган тақдирда ҳам Франция ва Германия Ироқдаги қайта қуриш ишлари учун катта ëрдам беради, деб ўйламайман”, - дейди Дэвид Нютон.

Вашингтон расмийларига кўра, янги резолюция лойиҳасида шунингдек, ироқликларга ҳокимиятни босқичма-босқич топшириш жараëнининг ҳам Қўшма Штатлар томонидан назорат қилиниши кўзда тутилади. Аммо БМТ, Франция ва Германия расмийлари Қўшма Штатларни мазкур жараëн қанча вақт давом этишини аниқ билдирмаëтгани учун танқид қилишмоқда.

23 октябр куни Мадридда халқаро донорларнинг Ироққа ëрдам бериш масалаларига бағишланган анжумани иш бошлайди. Қўшма Штатлар донор давлатлар Ироқдаги қайта қуриш ишлари учун келаси бир неча йил давомида 60-70 миллиард доллар беришларига умид қилмоқда. Аммо Дэвид Нютоннинг айтишича, Ироқдаги молиявий сарф-харажатларнинг катта қисмини Қўшма Штатларнинг ўзи берадиганга ўхшайди.

“Маълумотларга қараганда, донорлар Ироқдаги қайта қуриш ишлари учун 1-2 миллиард доллар берадилар. Европа Иттифоқининг тахминан 230 миллион доллар ажратиши кутилмоқда. Аммо Вашингтон расмийлари Қўшма Штатларнинг ўзи Ироқдаги қайта қуриш ишларининг катта қисмини молия билан таъминлашига тўғри келишини англамоқдалар”, - дейди Дэвид Нютон.

Маълумки, Ироқ уруши халқаро ҳамжамият орасида бўлиниш яратди. Жумладан, Қўшма Штатларнинг Франция ва Германия билан муносабатлари совуқлашди. Нютоннинг айтишича, АҚШ-Германия муносабатларида айрим ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бироқ АҚШ-Франция муносабатларидаги совуқлик бу яқин орада илиқлашадиганга ўхшамайди.

“Қўшма Штатлар ва Германия ўзаро муносабатларни Ироқ урушидан аввалги даврдагидек яхшилашга ҳаракат қиладиганга ўхшайдилар. Лекин менимча, Америка ва Франция ўртасидаги муносабатлар совуқлигича қолади”, - дейди Дэвид Нютон.

Қўшма Штатлар илгари сураëтган резолюция лойиҳасида шунингдек, Вашингтон томонидан тайинланган Ироқ Бошқарув Кенгаши янги Конституцияни таклиф қилиш ва миллий сайловлар кунини белгилашда маъсул бўлиши ҳам назарда тутилади. АҚШ расмийлари мазкур кенгашдан Ироқ Конституциясини олти ойда ишлаб чиқишни талаб этишларини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG