Линклар

Америкада компания мулкига хиëнат қилган бизнес раҳбарларга қарши маҳкама жараëни бошланди.


Акрам Файзулло Шу ҳафтада Қўшма Штатларда “Tyco International Limited“ компанияси ижроия раҳбарлари Деннис Козловский ва Марк Шварцга қарши маҳкама жараëни бошланди. Улар мазкур компанияга оид миллионлаб долларни ўзлаштирганликда айбланмоқдалар.

Америка корпорация тизимида салоҳиятини суиистеъмол қилаëтганларга қарши кампания олиб бораëтган Адлия Вазирлиги айниқса, ушбу маҳкамага кўпчиликнинг диққатини қаратишга интилмоқда. Чунки Америка иқтисодиëтида ўсиш секинлашиб қолган ҳозирги пайтда, бундай ҳодиса сармоядорларни жиддий хавотирга солмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Америка корпорация тизимида инвесторлар ишончини қайта тиклаш учун президент Буш маъмурияти, у ëки бу бизнес раҳбарнинг ўз компаниясини талон-тарож этишига тоқат қилмайдиган қилиб кўрсатилмоқда. Аслида эса, дейди кузатувчилар, бундай маҳкама жараëнлари хўжа кўрсинга ўтказилмоқда. Чунки яқинда компания мулкига хиëнат қилганликда айбланиб, ҳибсга олинган бир қанча бизнес раҳбарлар озод қилинди. Кузатувчиларга кўра, бу одамлар хавфли жиноятчилар эмас ва Адлия Вазирлиги уларнинг маҳкама ишини ҳаддан зиëд бўрттириб кўрсатмоқда. Аммо Жорж Вашингтон университетининг ҳуқуқшунос профессори Лавренс Мичел, нима бўлишидан қатъий назар, ушбу маҳкама жараëни қонунга мувофиқ равишда ўтказилаëтганини айтади:

“Мен бу маҳкама хўжа кўрсинга ўтказилаяпти, деб ўйламайман. Бу шахслар ëмон иш қилишди. Улар қўлга тушди. Ва менимча, бундай шахслар ҳар қандай шароитда ҳам жавобгарликка тортилган бўларди”, - дейди Мичел. Унга кўра, ижроия раҳбарлари ўз компаниялари мулкига хиëнат қилиб, инвесторлар ишончини йўқотишгани туфайли, улар маҳкамасининг очиқ ўтаëтгани тўғридир.

Вашингтонда жойлашган Америка университети профессори Херман Шварц, демократик жамиятда хўжа кўрсинга ўтказилаëтган маҳкамалар ҳар доим ҳам қонунбузарларни жазолаш орқали давлат мулкини ҳимоя қилишга эмас, балки бошқа шахсларнинг ҳам бундай жиноят содир этишига йўл қўймасликка қаратилганини гапиради:

“Тўғри, бундай маҳкамалар хўжа кўрсинга ўтказилмоқда. Аммо бундан ажабланмаслик керак, чунки бу каби маҳкамалар бошқа шахсларни ҳам бундай жиноятларга қўл урмасликдан огоҳ этади”, - дейди Шварц.

Қўшма Штатлар қонунларига кўра, компания мулкини ўзлаштирган ижроия раҳбарлари 30 йилгача озодликдан маҳрум этилиши керак. Аммо амалда эса уларнинг аксарияти фақат 3-4 йил очиқ қамоқда ўтириб чиқмоқда. Баъзилари, ҳатто сувдан қуруқ чиқишмоқда.

Лекин америкалик профессор Херман Шварц бундай жиноят содир этган шахсларга енгил жазо берилаëтганини тўғри, деб ҳисоблайди.

“Албатта, компания мулкига хиëнат қилган ижроия раҳбарлари енгилроқ жазога тортилиши керак. Улар ҳеч кимни ўлдирмаган. Қотиллик содир этган шахслар 25-30 йил қамоқ жазосига тортилади. 40 ëки 50 ëшдаги одамни 30 йилгача озодликдан маҳрум этиш эса, унинг учун умрбод жазодир. Бу шахс қамоқда ўлади”, - дейди Шварц. У, компания мулкига хиëнат қилган шахслар ҳам худди қурол ўқталиб, ўғрилик содир этган жиноятчилар каби бир хил жазога тортилишини таклиф қилаëтган сиëсатчилар фикрига қўшилмайди. Америкалик профессор ҳукумат ва фуқаролар компания мулкига хиëнат қилаëтган шахсларга нисбатан бефарқ бўлиб қолмасликлари лозимлигини айтса-да, бу бефарқлик аламзадаликка айланмаслиги кераклигини ҳам қўшимча қилади.
XS
SM
MD
LG