Линклар

logo-print

Бугунги Россияга асос солган Октябр тўнтаруви


Фарангис Саид Тарихда “октябр тўнтариши” ёки “октябр ҳодисалари” номи остида қолган ҳодиса баъзилар учун Россияда нодемократик ҳукумат бошқарувининг бошланиши бўлди. Улар фикрича, ушбу тўнтаришдан кейинги йилларда мамлакатда можаро ва зиддиятлар, таниш-билишчилик, коррупция ва порахўрлик ҳукм сурмоқда.

Баъзилар эса 1993 йил октябр ҳодисаларини ижобий баҳолайдилар. Улар Россия Президенти парламент биносига ҳужум қилиш ҳақида буйруқ бериб, мамлакатда демократияни бошлаб берди, деб ҳисоблашади.

Тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам бир масалада ҳамфикрдирлар: 1993 йил сентябр охири ва октябр бошида рўй берган ҳодисалар бугунги Россияга асос солди.

Ўша кунларда Олий Советни сақлаб қолишга уринган коммунист ва миллатчилар билан бирга Оқ Уй ичида бўлган журналист Вероника Куцило Елциннинг ҳужум ҳақидаги буйруғи унинг умидларини пучга чиқарганини айтади:

- Ҳукумат билан ўзаро ишқимиз якунига етди. Журналистлар, ислоҳотчилар ва Елцин бир лагерга мансублигида биз биргаликда нимадир яратаётган эдик. Сўнгра ҳокимият ва журналистларнинг бошқа-бошқа ҳодиса эканини англаб етдик. Назаримда, айнан 1993 йилда ҳокимият ҳукмдорга айланди.

1993 йилда Борис Елцин совет конституциясини бекор қилиб, Россия Олий Советини тугатишга ҳаракат қилди ва 21 сентябр куни парламентни йўқ қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Вице-президент Александр Руцкой бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар Елцин қарорига бўйсунмай, парламент биносидан чиқмаслигини эълон қилди. Кремл билан музокаралар самара бермади. Айни вақтда норозилик ошиб борди. 3 октябр куни Елцин армияга Оқ Уйга ҳужум қилишни буюрди. Москванинг бошқа қисмида Останкино телеминораси учун кураш бошланди.
Москва марказида танклар тўпланди. Қон тўкилди.

Тўқнашувларда қанча одам нобуд бўлгани ҳамон аниқланмаган. Расмийлар 150 киши десалар, Елцин тарафдорлари қурбонлар сони 2000 одамга етган, деб таъкидлашади.

Франциялик сиёсатшунос Жан-Робер Равио Елцин қарорини давлат тўнтариши, деб атайди:

- Президентлик институти айнан ушбу ҳодисалардан сўнг ўзини кўрсата бошлади. Президент якка ҳокимлигининг айнан 1993 йил октябрида туғилгани гувоҳимиз. Ўз ҳокимиятини куч ёрдамида қонунийлаштириш эҳтиёжи яна бир бор 1999 йилда, Владимир Путин ҳали президент бўлмай туриб, чечен уруши билан қайталанди.

Баъзилар октябр ҳодисалари совет давридан қолган иллатларни илдизи билан юлиб ташлаб, демократия қурилишини бошлашга имкон берди, деб ҳисоблайдилар. Бошқалар эса, агар парламент йўқ қилинмай, Олий Совет ва Кремл ўртасида мувозанат ўрнатилганида, демократияга тезроқ эришиш мумкин бўлганлигини айтадилар.

Октябр ҳодисаларидан сўнг Борис Елцин янги конституция лойиҳасини тақдим этди ва у декабр ойида умумхалқ референдумида қабул қилинди. Декабрда, шунингдек, янги парламент – Федерал Ассамблея тузилди. Россияликлар парламентнинг юқори палатаси - Федерация Кенгаши ҳамда қуйи палатаси – Давлат Думасига депутатларни сайладилар.

Ушбу ўзгариш тарафдорлари янги конституция демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тайомилларига асосланганлиги, айни пайтда россияликларга хусусий мулкка эга бўлиш имконини берганини айтадилар. Мухолифлар янги конституцияга кўра, мамлакатда деярли чекланмаган, кучли президентлик ҳокимияти шаклланганини таъкидлайдилар.

Кузатувчилар, шунингдек, октябр ҳодисалари натижасида Кремл томонидан Владимир Жириновский етакчилигидаги Либерал демократик партия тузилгани ва унинг сафларига коммунистлар ва октябр ҳодисаларидан норозилар қўшилганини қайд этадилар.

Бу каби турли-туман фикрлар туташадиган умумий нуқта ҳам йўқ эмас. Бу эса, 1993 йил октябрида Москвада бўлиб ўтган ҳодисаларнинг бугунги Россия сиёсатига асос солганидир.
XS
SM
MD
LG