Линклар

Сайловларда тарафдорлар кўп рол ўйнайдим ëки имкониятлар?


А. Арол Собиқ Совет республикаларидаги президентлик сайловларида тарафдорлари бор номзод ғалаба қозонадими ëхуд имконияти бор номзод?

15 октябрга белгиланган Озарбайжон президентлик сайловларидаги номзодлар Президент Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиев фойдасини кўзлаб иш тутмоқдалар.

Номзодлардан Абутолиб Самадов сайловларда ўз тарафдорларини Бош Вазир Илҳом Алиевга овоз беришга даъват этган бўлса, куни-кеча Ҳайдар Алиев ҳам ўз ўғли фойдасига қарор берди ва сайловчиларни Илҳом Алиевга овоз беришга чақирди.

Маълум бўлишича, 80 ëшли Ҳайдар Алиев касаллиги туфайли ўз номзодини қайтариб олиш ва бу билан 41 ëшли ўғли Илҳом Алиевнинг сайловларда ғалаба қозониши учун кенгроқ йўл очишга расман қарор берган.

"Мен 60 - йиллардан буëн Озарбайжон халқига хизмат қилиб келдим. Ҳали ниҳоясига етмаган анча ишлар бор. Бу ишларни бажаришга соғлигим имкон бермаяпти. Илҳом кучли номзод. Ақлли ва ғайратли шахс. Ишончим комилки, мен тамомламаган ишларни у сизнинг ëрдамингиз билан ниҳоясига етказади", - деди Ҳайдар Алиев Озарбайжон халқига йўллаган мурожаатида.

Бироқ мухолифат вакиллари олий ҳокимиятдагиларнинг бундай сиëсий ўйинидан норозидирлар. Уларга кўра, сайловларда барча номзодлар учун ахборот воситаларидан бирдек фойдаланиш имкониятлари яратилиши керак. Аммо, амалда мамлакатдаги барча ахборот воситалари фақат ҳокимият учун хизмат қилиб келмоқда. Бу борада сўз юритган Озарий журналисти Равшан Алиевнинг Озарбайжон мухолифат партияси "Мусавот" лидери Исо Қамбарга асосланиб билдиришича, мухолифат номзодларининг ахборот воситаларидан фойдаланиш имкониятлари ниҳоятда чекланган.

Маълум бўлишича, давлат телевидениесида чиқиш қилиш учун мухолифат вакилларига 24 соат ичида 10 дақиқа вақт бериладиган бўлса, қолган 23 соат 50 дақиқа тарғибот қилиш учун ҳокимият вакиллари ихтиëрида. Шу боис, мухолифат лидерлари бундай адолатсизликларга қарши мамлакат пойтахти ва бошқа шаҳарларда давомли равишда норозилик намойишлари уюштириб келмоқдалар.

1993 йилдан буëн Озарбайжон президенти бўлиб келган ва эндиликда ўз ўрнини ўғлига тақдим этаëтган Ҳайдар Алиев апрел ойида Боку телевидениесида чиқиш қилаëтган пайтида йиқилиб тушган эди. Шундан сўнг аввалига у Туркияда даволанди, кейин эса даволанишни АҚШда давом эттира бошлади. Шу пайтда ўғли Илҳом Алиев мамлакат бош вазири этиб тайинланди. Алиевнинг ҳозирда тирик ëки ўликлиги озарбайжонликларга қоронғу.

8 июлдан буëн Озарбайжонда ҳеч ким Ҳайдар Алиевни кўргани ҳам унинг овозини эшитгани ҳам йўқ.

8 июлдан 6 августгача Туркиянинг "Гулхона" ҳарбий касалхонасида даволанган Алиев, у ердан АҚШнинг Оҳайо штатидаги клиникага кўчирилар экан, журналистларга ўзини кўрсатмади. Куни-кеча унинг президентлик сайловларидан ўз номзодлигини қайтариб олиши ҳақидаги мурожаати ҳам Боку телевидениесида диктор томонидан ўқиб эшиттирилди.

1 октябрда имзолаган мурожаатида Алиев ўғли Илҳомга ўзи каби ишонишини ва сайловчилар унга овоз беришлари кераклигини таъкидлайди.

Сайловларда кимнинг ғалаба қозониши ва президентлик курсиси кимга насиб этиш хусусида мулоҳаза билдирган кузатувчиларга кўра, Озарбайжонда жамоатчилик фикрини ўрганувчи ишончли ижтимоий марказнинг йўқлиги боис, ҳозирча сайлов ғолиби ҳақида башорат қилиб бўлмайди.

Аммо бундан бир неча ой олдин АҚШ ташкилотлари томонидан ўтказилган сўров натижалари сайловларда ҳокимият вакилларининг ғалаба қозониш имкониятлари анча кучли эканини кўрсатган эди.

Ўз навбатида, мухолифат вакиллари ҳам ўзларига катта ишонч билан қарамоқдалар. Мутахассисларга кўра, президентлик сайловларида мухолифат вакили Исо Қамбарнинг тарафдори кўп бўлса, ҳокимият меросхўри бўлмиш Илҳом Алиевнинг ғалабани кафолатловчи имкониятилари чексиздир.
XS
SM
MD
LG