Линклар

Отажон Орипов: «Эрк»ка тазйиқлар бирмунча камайди


Тўлқин «Эрк» партияси бош котиби Отаназар Орипов Тошкентдаги «Пойтахт» меҳмонхонасида ўтказилган матбуот анжуманида «Эрк»ка нисбатан тазйиқлар бирмунча камайгани, бироқ тўлиқ барҳам топмаганини маълум қилди.

Ушбу матбуот анжумани партиянинг бугунги кундаги фаолияти, истиқбол режаларидан жамоатчиликни, хусусан, халқаро ташкилотлар вакилларини хабардор қилиш мақсадида ўтказилди.

Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, у шундоққина Тошкент шаҳар ҳокимлиги рўпарасида бўлиб этди. Илгари бундай бўлишини тасаввур қилиш қийин эди. Яна бир эътиборли жиҳати – матбуот анжуманида илк бор маҳаллий матбуот нашрлари вакиллари ҳам иштирок этди.

Айни пайтда «Эрк» раҳбарияти партиянинг бешинчи қурултойини ўтказиш тараддудини кўрмоқда. Бу тадбир жорий йилнинг 22 октябрида ўтказилиши режалаштирилган. Бунгача 2003 йилда партиянинг иккита пленуми бўлиб ўтди. Вилоятларда, Тошкент шаҳрида «Эрк» фаолларининг бир қанча анжуманлари ўтказилди.

«Эрк»нинг тўртинчи қурултойи 1993 йилда чақирилганди. Кейинги шундай йиғилиш 1996 йилда ўтказилиши керак эди. Аммо ҳукумат бунга йўл бермади. Партия фаоллари қамоқхоналарда, қувғинда бўлгани боис 1994-1995 йилларда «Эрк» умуман фаолият кўрсата олмади.

Отаназар Орипов сўнгги вақтларда «Эрк»ка нисбатан тазйиқлар бироз юмшаганини, бироқ тўлиқ барҳам топмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, партия бўлажак парламент сайловларида қатнашишга ҳаракат қилади. Агар бу йўлда қаршиликларга учраса, халқаро қонун меъёрлари асосида ўз мақсади сари интилаверади.

О.Ориповнинг айтишича, партиянинг асосий мақсади Ўзбекистонда ҳақиқий демократик жамият бунёд этишдир. Ҳокимиятга интилиш эса шу йўлдаги воситалардан бири, деди у.

Маълумки, партия етакчиси Муҳаммад Солиҳ айни пайтда хорижда истиқомат қилмоқда. О.Ориповнинг айтишича, Муҳаммад Солиҳ ўзининг партия бешинчи қурултойи иштирокчиларига мурожаатномасини иккита видеокассетага ёзиб, Тошкентга жўнатган. Бироқ бу видеокассеталар божхоначилар томонидан мусодара қилинган.

Матбуот анжуманида Муҳаммад Солиҳга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ва Ўзбекистон Олий судининг унга нисбатан чиқарган ҳукмини қайта кўриб чиқиш учун адвокат ёллангани маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG