Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:44

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қурултой ўтказди


Шайбон «Freedom house» ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг тўртинчи қурултойи бўлиб ўтди.

Жамият раиси Толиб Ёқубов иштирокчилар олдида ҳисобот берар экан, аввалги қурултойдан буён ўтган икки йил давомида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тазйиқ ва таъқибларга учраганини таъкидлади.

Унинг айтишича, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг йиллик саммити чоғида жамият фаоллари ўз ҳамфикрлари Турсунбой Ўтамуродов, Жўра Муродов, Норпўлат Ражабов ва Мусурмонқул Ҳамроевнинг қамоқдан озод этилишини талаб қилиб, норозилик акциялари ўтказган эди. Айни пайтда улардан уч нафари озодликка чиқарилди. Фақат Турсунбой Ўтамуродов ҳамон маҳбусликда сақланмоқда.

Жамиятнинг вилоятлардаги вакиллари ҳисобот чоғида жойларда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ аниқ далилларни келтириб ўтди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Киштут дарасидан кўчирилган аҳолининг аҳволи анча оғирлиги маълум қилинди. Хабарларга қараганда, улар орасида номаълум эпидемиянинг тарқалиши оқибатида кунига уч-тўрт киши ҳаётдан кўз юммоқда.

Эслатиб ўтамиз, Киштут дарасига Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари бостириб киргандан сўнг ҳукумат бу ердаги аҳолини вилоятнинг бошқа ҳудудларига кўчиришга қарор қилган эди.

Курултойда жамиятнинг янги низоми муҳокамага қўйилди. Йиғилганлар ушбу низомнинг айрим бандларини қайта ишлашни тавсия этди. Бу иш беш кишидан иборат махсус ҳайъат зиммасига юкланди.

Қурултойда яширин овоз бериш йўли билан Толиб Ёқубов жамият раислигига қайта сайланди.

Қуролтойда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари жамият раёсатига қийноқларга чек қўйиш талаби билан ҳукуматга ёзма мурожаат қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу таклиф бир овоздан маъқулланди.
XS
SM
MD
LG