Линклар

Пахта териш бола ҳуқуқини бузади


Садриддин Ашуров, Нодира Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларининг бузилиши доимий тус олган. Мактаб ўқувчиларининг оммавий равишда пахта теримига жалб қилиниши уларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганига энг ёрқин мисолдир.

Ойлаб пахта терими, чопиқ каби ишларига жалб қилиниши, аввало, боланинг соғлиғига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Чунки болада ҳали организмнинг тўлиқ шаклланиши тугамаган, иммунитет тизими етарли даражада ривожланмаган бўлади. Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили Қашқадарё вилоятида пахта теримига жалб қилинган ўқувчи ва талабаларнинг 6750 нафари ёки 14 фоизга яқини касалликка чалинган.

2002 йилги мавсумда бир ярим ой мобайнида пахтага олиб чиқилган сирдарёлик 6-синф ўқувчисининг сўзларига қараганда, шу даврда уларнинг егани қуруқ нону ичгани совуқ чой бўлган. Ўқувчилар касалланиб қолганида ҳам мутасаддилар уларни мажбуран теримга чиқараверган.

Мустақил кузатувчиларнинг айтишича, пахта кампанияси вақтида ўқувчию талабаларнинг касаллик ёки бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этиши, турли даражада жароҳатланиши ҳоллари ҳам кузатилади. Чунки терим мавсумида хавфсизликни таъминлаш масаласига эътибор берилмайди.

Журналист Шерзод Аҳматов ана шундай фожеали ҳодисалардан бири юзасидан журналистик суриштирув олиб борган. Унинг айтишича, воқеа Чирчиқ туманида содир бўлган. Теримга олиб чиқилган коллеж талабаларидан икки нафари пахтадан қочиб, уйига кетаётганида уларни ўлдириб кетилган. Транспорт прокуратураси бу қотилликни бахтсиз ҳодиса сифатида баҳолаб, жиноий ишни ёпган.

Бахтсиз ҳодиса Самарқанд вилоятида ҳам содир бўлган. Ўқувчи трактор тиркамаси тагида қолиб кетган.

Ўзбекистоннинг Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида бола мактабда тўлақонли билим олиши кераклиги белгиланган. Лекин уларнинг билим олиш ҳуқуқи ҳам паймол этилмоқда. Ҳар йили мамлакатда қишлоқ мактаблари ўқувчиларининг тўққиз ойлик таълим даврининг учдан бир қисми далада ўтади. Яъни, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси эътироф этганидек, баҳорда ўқувчи чопиққа, буғдой ўтоққа, ягоналашга олиб чиқилади. Янги ўқув йилини энди бошлаганда эса пахта теримига сафарбар этилади.

Масалан, Иштихон туманида бу йил 22 сентябрдан бошлаб бешинчи синфдан юқори барча ўқувчилар пахта теримига жўнатилди. Бу ҳақда маълумот берган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Иштихон тумани бўлими раиси Норбой Холжигитовнинг фикрича, ўқувчи давлат учун қулга айланиб қолган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга Ўзбекистон ҳам қўшилган. Ушбу конвенцияда: «Иштирокчи давлатлар боланинг иқтисодий эксплуатациядан ҳамда унинг соғлиғи учун хавф-хатар етказиши мумкин бўлган ёки таълим олишига тўсқинлик қиладиган ёхуд соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий, ахлоқий, ижтимоий ривожланишига зарар келтирадиган ҳар қандай ишлардан ҳимоя қилиниш ҳуқуқини эътироф этадилар», дейилади.

Болаларни турли ишларга мажбуран жалб қилиб, Ўзбекистон ушбу конвенцияни имзолаш орқали ўз зиммасига олган мажбуриятларни қўпол равишда бузмоқда.

Болалар эксплуатацияси, асосан, жойлардаги ҳокимликларнинг бевосита буйруғи орқали амалга оширилмоқда. Бироқ Халқ таълими вазирлиги ўз тасарруфида бўлган мактаблар ўқувчиларининг эксплуатация қилинишига бамайлихотир муносабатда бўлиб келмоқда. Чунки, кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳокимликларга жуда катта ваколатлар берилган. Уларни эса миллий дастурлар эмас, балки қандай йўл билан бўлмасин режани тўлдириб, мамлакат раҳбарлари олдида юзи ёруғ бўлиши қизиқтиради.

Бу йил Ўзбекистонда пахта теримига деярли бир ой кеч киришилди. Шу боис, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олишга улгурилмаслиги мумкин. Демак, Ўзбекистонда бу йил ҳам пахта даласида лой кечиб, «оқ олтин» териб юрган болаларни учратиш мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG