Линклар

АҚШнинг Ироққа оид янги резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари муҳокамасида.

  • Ҳасанжон

Аввал айтганимиздек, пайшанба куни АҚШ Ироқ хусусидаги янги резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига тақдим этди. Унга дарҳол муносабат билдирган БМТ Бош Котиби Кофи Аннан мазкур резолюция лойиҳаси асосий масалаларни ўз ичига олмаганини урғулади. Маълумки, Аннан қисқа муддат ичида Ироқда ўтиш даври ҳукумати тузилиши лозимлигини таъкидламоқда. Унга кўра, бу иш амалга ошса, аксарият ироқликларда ўз ватанларининг бегоналар ишғоли остида эканлиги ҳақидаги шууридаги ишонч йўқолиши мумкин. Шунда қуролли қаршилик ҳаракатлари ҳам камайиши эҳтимолдан холи эмас. Франция, Россия ва Германия ҳам айни фикрни қўллаб- қувватламоқда.

Россиянинг БМТдаги элчиси Сергей Лавров Ироқда БМТ асосий рол ўйнаши кераклиги талабини яна бир бор такрорлади: “Ҳозирги босқичда биз Ироқдаги сиёсий жараёнлардаги етакчилик ролини БМТга беришимиз керак. Ироқликлар билан ишлаш, Ироқ суверенитетини қайта тиклашга элтувчи аниқ муҳлатни белгилаш ва бу жараённи қувватловчи халқаро кучлар масаласини ҳам БМТ ҳал қилиши лозим”, - деди Россиянинг БМТдаги элчиси.

Янги резолюция лойиҳаси ҳарбий амалиётларни АҚШ қўмондонлиги остидаги БМТ мандати билан тузилган халқаро кучлар ваколатига ўтказишни кўзда тутади. Бу эса, Туркия ва Покистон каби БМТ рухсатисиз Ироққа қўшин юборишга иккиланиб турган мусулмон давлатлар шубҳасига хотима ясаши мумкин.

Покистоннинг БМТдаги элчиси Мунир Акрам мухбирларга Ироқдаги тинчликни сақлаш жараёнида Покистон қатнашиши учун янги резолюция муҳим қонуний пойдевор яратиши айтди: “Биз Ироқ халқи томонидан илиқ қарши олинишимизни билишимиз керак. Ироқликлар бизга босқинчиларга қўшимча куч сифатида қарашини истамаймиз. Биз зиммамизга юклатилган вазифалар борасида минтақанинг барча давлатлари ўртасида келишувга эришилишига умид қиламиз”, - деди Покистоннинг БМТдаги элчиси.

Мексиканинг БМТдаги элчиси ҳам Ироқда БМТга асосий рол берилиши кераклигини, бу эса янги резолюция лойиҳасида қўзда тутилмаганини билдирди. Айни пайтда, Ироқда кўпчиликни ташкил этган шиа мазҳабидаги мусулмонлар уламоси Оятулло Муҳаммад Ҳусайн ал-Систоний, Ироқ конституцияси фақат халқ томонидан сайланган делегатлар томонидангина ишлаб чиқилишига чақирди.

Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот конференциясида АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл яна бир бор Ироқда ҳокимиятни шошма-шошарлик билан маҳаллий намояндаларга топшириш ёмон оқибатларга олиб келишини билдирди. Унга кўра, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ўтиш даври жараёнини назорат қилиб туриши керак : “Бу вақтни чўзиш йўлидаги уриниш эмас. Биз бу жараён имкон қадар тез кечишини хоҳлаймиз. Бироқ, келаси икки ҳафта ёки икки ой ичида “мана 25 киши, улар муваффақиятга эришяпти, келинг мамлакатни бошқариш масъулиятини уларга топширамиз”,-деб таклиф қилиш, менимча соддалик бўлади”, - деди АҚШ Давлат Котиби.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте, агар резолюция диққат билан ўқилса, унда БМТ роли оширилганини очиқ-ойдин кўриш мумкинлигини айтади: “Биз резолюциянинг қайта ишланган матнига, айниқса, сиёсий ўтиш жараёнида БМТ ролини ошириш ҳақидаги жумлаларни қўшдик”, - деди Жон Негропонте.

АҚШнинг Ироққа оид янги резолюциясининг душанба куни Хавфсизлик Кенгашида расман муҳокама этилиши кутилмоқда. Унгача эса, ўзаро норасмий музокаралар давом этади.

АҚШ, янги резолюциянинг 23 – 24 октябр кунлари Мадридда ўтадиган Ироқ бўйича халқаро донорлар анжумага қадар қабул қилинишига ошиқмоқда. Вашингтон ҳисоб-китобига кўра, келгуси 4 йил ичида Ироқни қайта қуриш ишлари учун қарийб 56 миллиард доллар маблағ керак бўлади.
XS
SM
MD
LG