Линклар

logo-print

Чеченистон: президентлик сайловлари нимани ўзгартиради?


Фарангис Саид Кўпгина мустақил кузатувчилар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Чеченистонда якшанба куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг қонуний равишда ўтказилишидан шубҳа билдириб, бир неча йилдан буён Россиядан ажралиб чиқишга ҳаракат қилаётган республикада “катта томоша” бўлишини айтишмоқда.

Чеченистон сиёсий фаоли Юрий Ханжин ҳам Озодлик радиосининг Рус хизматига берган интервюсида айнан шу фикрни билдиради:

- Чеченистон босиб олинган. Аҳолининг аксарият қисми республикани тарк этишга мажбур бўлган. Вафот этганлар сони ҳам жуда катта. Шаҳарлар вайрон бўлган. На саноат, на савдо-сотиқ, на иқтисод бор ва на сиёсий ҳаёт мавжуд. Сайловлар эса Чеченистонда ҳозирда ҳукм сураётган ҳарбий режимни қонунийлаштиришга қаратилган уринишдан бошқа нарса эмас.

Ханжин фикрича, бундай вазиятда сайловлар ўтказиб бўлмайди.

Чеченларнинг аксарияти бу фикрга қўшилади. Ўтган ҳафта “Валидата” агентлиги томонидан ўтказилагн ижтимоий тадқиқот натижасига кўра, республика аҳолисининг 69 фоизи сайловлар адолатли ва очиқ бўлмаслигига ишонишини айтган.

Якшанба куни чеченистонликлар беш номзоддан бирини танлаш имконига эга бўладилар. Аммо, кузатувчилар фикрича, Малик Сайдуллаев, Руслан Хасбулатов, Асланбек Аслахановлар каби қудратли ва таниқли сиёсатчилар, сайловлар адолатли ўтишига ишонмаслиги сабабли уларда иштирок этмасликка қарор қилганларидан сўнг, Кремл томонидан қўллаб-қувватланаётган 52 ёшлик иқтидордаги президент Аҳмад Қодировнинг ғалаба қозонишига шубҳа қолмади. Қолган номзодлар ё одамларга яхши таниш эмас, ёки Қодиров тарафдорларидир.

Кремл расмийлари Қодировни қўллаб-қувватлаётганларини инкор этиб келмоқдалар. Аммо Россия телевидениеси орқали фақат шу номзод чиқишлари намойиш қилинмоқда. Аҳмад Қодиров, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда ўтган ҳафта Ню-Йоркка сафар қилди ва АҚШ раҳбари Жорж Буш билан учрашди.

Кузатувчилар фикрича, Кремлнинг бундай сиёсатининг мақсади аниқ – Россияда парламент ва президентлик сайловлари яқинлашар экан, ўтган сайловларда Чеченистон урушини тезда тугатиш ҳақидаги ваъдалари билан сайловчилар овозини олишга муваффақ бўлган Путин уруш тугагани ва республикадаги вазият барқарорлашаётганини намойиш қилиб, келаси сайловларда ҳам ўз тарафдорлари сонини кўпайтирмоқчи.

Аммо аслида Чеченистондаги вазият оғирлигича қолаётир. 80 минг чечен ҳамон қўшни Ингушетияда қочқинлар лагерида яшамоқда. Чеченистон аҳолиси эса хавфсизлик таъминланмаганидан шикоят қилади. “Валидата” агентлиги ўтказган тадқиқотга кўра, сўралган чеченларнинг 70 фоизи хавфсизликка таҳдид туғдираётган омил сифатида республикада жойлаштирилган Россия ҳарбий қўшинларини кўрсатган.

Чечен журналисти Рустам Калиев фикрича, Чеченистонда ҳозирда ҳукм сураётган вазиятни “қўрқув”, деб аташ мумкин:

- Шуни айтишим мумкин-ки, бугунги кунда кузатилаётган қўрқув илгари ҳеч қачон кузатилмаган. Одамлар Қодиров маъмурияти фаолиятидан рози ёки норози эканлари ҳақида фақат пичирлаб, гапирадилар. Чеченларнинг аксарияти Аҳмад Қодировнинг ғалаба қозониши муқаррар, деб ҳисобламоқда.

Кўпгина халқаро кузатувчилар Чеченистондаги президентлик сайловлари адолатсиз ўтажагини баён этдилар. Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда Европа Кенгашининг Парламент Ассамблеяси республикага кузатувчиларни юбормасликка қарор қилди. Сайловларни кузатиш учун республикага Исломий Конференция Ташкилоти намояндалари билан бир қаторда Россия Президентининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси ва МДҲ Ижроия Қўмитаси вакиллари боради.
XS
SM
MD
LG