Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:01

АҚШ ўз имиджини яхшилаши зарур


Фарангис Саид 13 мустақил экспертдан иборат гуруҳ томонидан тайёрланган 81 бетлик ҳисоботда келтирилган асосий хулоса - Вашингтон ўзининг араб ва мусулмон мамлакатларига нисбатан сиёсатини тезда ўзгартириб, АҚШ имиджини яхшилашга ҳаракат қилиши лозим.

“Тафаккурни ўзгартириш, тинчликка эришиш”, деб номланган ҳисобот муаллифлари гуруҳи раҳбари Эдвард Жерижан АҚШ Давлат Департаментида бўлиб ўтган тақдимот маросимида чиқиш қилиб, “агарда АҚШ мусулмон мамлакатларидаги ўз росмана имиджини яратмаса, уни экстремистлар яратадилар”, дея таъкидлади:

- Мазкур ҳисобот АҚШ учун огоҳлантириш сигналидир. У АҚШни мусулмон дунёсини ўз томонига оғдиришга қаратилган курашни тезда бошлашга даъват этади.

Ҳисоботда айтилишича, мусулмон дунёсидаги аксил-америка кайфиятлари сўнгги ойларда, айниқса Ироқ уруши ва Исроил-Фаластин можаросининг авж олиши билан, мисли кўрилмаган даражага етди.

Масалан, 2002 йил ёзида Иордания аҳолисининг 25 фоизи АҚШга ижобий ёндашган бўлса, 2003 йил баҳорга келиб бу рақам 1 фоизгача тушиб кетган. АҚШнинг энг катта молиявий ёрдам олуви давлатлардан бири Мисрда аҳолининг бор-йўғи 6 фоизи АҚШ сиёсатини ижобий баҳолаган.

Ҳисоботда АҚШ имиджининг ёмонлашаётгани сабаби – Оқ Уй олиб бораётган ташқи сиёсат экани қайд этилади.

Ҳисобот муаллифлари АҚШ раҳбариятини халқ дипломатиясига жиддий ўзгартиришлар киритишга даъват этиб, Оқ Уйда ташқи алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчи шахс тайинланиши кераклигини таъкидлайдилар.

Оқ Уй АҚШ имиджини яхшилаш мақсадида ўзига хос реклама кампаниясини олиб бориши керак, деган мутахассислар, буни радио ва телевизион дастурлар орқали амалга ошириш лозим, деб ҳисоблайдилар.

Масалан, араб тилидаги Ал-Арабия телеканали орқали ҳозирда “Исломнинг америкалашиши” номи остида қатор дастурлар намойиш қилинмоқда. “Аммо, - дейди ҳисобот муаллифлари гуруҳи раҳбари Эдвард Жерижан, - ушбу дастурда АҚШ фикри акс этмаяпти, у бир томонлама бўлиб қолмоқда”:

- Баҳсларда америкаликлар қатнашмайди. Дастур иштирокчиларидан ҳеч бири Америка шароитидаги ислом ҳақида гапирмайди, Америка қадриятлари, масалан эътиқод эркинлигини, ёки бўлмаса АҚШ сиёсатини тушунтирмайди. Бу фақат бир мисолдир.

Жерижаннинг яна қайд этишича, совуқ уруш даврида АҚШ ўзининг дунё бўйлаб жойлашган элчихоналари орқали АҚШ ва америкаликлар ҳаёти ҳақидаги маълумот тарқатар, АҚШнинг радио ва телевизион станциялари фаолият олиб борар эди. Хорижликларга АҚШ университетларида таҳсил олиш учун стипендия ажратилар, турли алмашув дастурлари мавжуд эди. Аммо 80-йилларда ҳокимиятга Роналд Рейган келганидан сўнг, АҚШ имиджини яхшилаш мақсадида ажратиладиган маблағ ҳажми икки баробар камайди. Бугунги кунда, Жерижанга кўра, АҚШ халқ дипломатияси учун йилига 1 миллиард доллар ажратади. Бу Пентагон бюджети, яъни ҳарбий мақсадларга ажратилган маблағ 1 фоизининг ўндан уч қисмига тенгдир.

Жерижаннинг қайд этишича, жаҳонда ўзининг демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳисобланишини истаган Оқ Уйнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши, айни вақтда Миср, Покистон ва Саудия Арабистони каби авторитар ҳукуматларни ўз шериклари сифатида эътироф этиши Америка сиёсатига салбий ёндашаётган мусулмонлар сони кўпайишининг сабабидир.

Ҳисобот сўнгида айнан шу жараён қайд этилар экан, расмий Вашингтонга террорчиликка қарши курашни ҳудди совуқ уруши каби жиддий қабул қилиш ва АҚШ имиджини яхшилашга катта маблағ ажратиш тавсия қилинади.
XS
SM
MD
LG