Линклар

logo-print

Исроил Хайфадаги портлашга жавобан Сурияни бомбалади

  • Ҳурмат Бобожон

Хайфада содир этилган портлашларга жавобан Исроилнинг кутилмаганда Сурия позицияларини ҳаводан нишонга олиши Яқин Шарқ можароси кўламини янада кенгайтирди. Исроил кўпдан бери Сурияни "Ҳезбуллоҳ" жангари гуруҳларини қўллаб- қувватлаётганликда айблаб келаётган эди.

Қолаверса, Голан тепаликлари Исроил томонидан ишғол этилганидан бери икки қўшни давлат уруш ҳолатида қолмоқда. Шу боис, кузатувчилар Исроилнинг Сурия ҳудудларида ҳаво рейдлари амалга оширганини очиқдан-очиқ минтақада кескинликни кучайтиришга уриниш, дея таърифлашмоқда.

Бироқ Исроил томони улар учун асосий нишон Суриядаги "Хамас" ҳамда "Ислом жиҳоди" жангарилари паноҳ топган ҳудудлар, хусусан Дамашқдан 20 километр шимолдаги Аин ас-Сахеб лагери бўлганини таъкидлади. "Ҳамас" ҳамда "Ислом жиҳоди" каби Фаластин исёнчи гуруҳлари Исроилда содир этилган бир қатор портлашларга, жумладан шанба куни Хайфа шаҳрида 19 киши ўлимига сабаб бўлган худкушлик ҳужумига ҳам жавобгарликни зиммасига олган.

Якшанба куни Исроил ҳукумати матбуот вакили Раанан Гиссин Сурия ҳудудидаги ҳаво рейдларининг айнан Хайфада содир этилган портлашларга жавобан қилинганини таъкидлар экан, Дамашқни очиқдан-очиқ халқаро террорчиларга бошпана берганликда айблади.

"Биз Теҳрон, Дамашқ ва Ғазо минтақасидан панох топган жоҳил террорчиларнинг давомли ҳужумларига, бегуноҳ кишиларнинг улар тарафидан ўлдирилишига бошқа тоқат қилиб туролмаймиз. Шу боис, ҳаво амалиётлари Сурия ҳамда "Ислом жиҳоди" ва "Хамас" гуруҳлари раҳбарларига огоҳлантирув сифатида амалга оширилди."

Бироқ расмий Дамашқ Исроил айбловларини рад этди. Суриянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги вакили Файсал Мэкдад Исроил ҳатти-ҳаракатлари ўз давлатига қарши очиқдан-очиқ агрессия эканини таъкидлар экан, Хавфсизлик Кенгашидан Исроилнинг ҳаво ҳужумларини қораловчи резолюция қабул қилишни сўради.

"Умид қиламизки, Хавфсизлик Кенгаши минтақада тинчлик ва барқарорлик таъминланишида муҳим рол ўйнайди ва агрессорлардан босқинчилик ҳаракатларидан тийилишни талаб этади. Чунки, бу каби тажоввуз минтақада зўравонликларни қўзғотада. Бундан эса на у ва на бу томон манфаат кўриши мумкин".

Ҳозирча Хавфсизлик Кенгаши Дамашқ чақириғига жўяли жавоб қилмаган бўлса-да, халқаро ҳамжамият ва араб дунёси Исроилнинг Сурия худудларида амалга оширган ҳаво рейдларини кескин қораламоқда. Ғарб давлатлари орасида Германия канцлери Герхард Шрёдер биринчилардан бўлиб Исроил ҳаво амалиётларини ўзга давлат суверенитетига қилинган тажовуз дея таърифлади. Шунингдек, Франция ва Британия ҳам Исроилни бу каби хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирди. "Синхуа" ахборот агентлиги хабарига кўра, Хитой раҳбарияти Исроилнинг Сурияга ҳужумидан "даҳшат"га тушган. Хавфсизлик Кенгашининг яна бир доимий аъзоси Россия расмийлари назарида эса Исроилнинг бу каби ҳатти-ҳаракатлари Яқин Шарқда кескинликни кучайтириши мумкин.

Ўз навбатида "Ҳамас" фаоллари, агар Исроил томонидан бу каби ҳаракатлар давом этадиган бўлса яҳудийлар истиқомат қиладиган худудларда худкушлик ҳужумлари яна кучайишидан огоҳ этишмоқда.
XS
SM
MD
LG