Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:00

Ўзбекистонда либераллар пайдо бўлмоқда


Ориф Ҳошимов Ўзбекистонда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг бош мақсади сифатида белгилаган Ўзбекистон либерал демократик партияси (ЎзЛДП) ташкил этилмоқда. Ушбу партия ташаббус гуруҳининг йиғилиши 5 октябрь куни Тошкент вилоятидаги «Кумушкон» дам олиш зонасида бўлиб ўтди.

Шу кунгача мамлакатда либерал позициядаги бирорта сиёсий куч йўқ эди.
Янги тузилаётган партиянинг ташкилий қўмитасига раҳбар этиб «Пахтабанк» акциядорлик тижорат банки раиси Қобилжон Тошматов сайланди.

ЎзЛДПнинг лидерларидан бири бўлиши кутилаётган тележурналист Комилжон Шамсуддиновнинг сўзларига қараганда, тузилажак партия раҳбарлари яқинда матбуот анжумани ўтказиб, ушбу сиёсий тузилма ҳақида ахборот бериш ниятидадир.

Кўпчилик ҳозирданоқ янги партияни тузиш ташаббуси Оқсаройдан чиқмадимикин, деган гумонга бормоқда. Чунки тузилажак партия бошида турганлар, асосан, бугунги кунда катта амалларни эгаллаб турган шахслар (масалан, Қ.Тошматов) экани маълум. Юқорида номи тилга олинган К.Шамсуддинов эса мамлакат Президенти матбуот хизмати масъул ходими.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг сўзларига қараганда, ЎзЛДПнинг бунёдга келиши «Ватан тараққиёти» ва «Фидокорлар» партияларини ташкил этиш сценарийларини эслатмоқда. Унинг фикрича, тузилажак партиянинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги роли «чўнтак партия» мақомидан ошмайди. "Мен бу сиёсий гуруҳ аъзолари орасида ҳокимият учун курашиши мумкин бўлган шахсларни кўрмаяпман,- дейди Б.Чиғатой,- ЎзЛДПни тузиш жараёни бошлангани - Ўзбекистонда Оқсаройнинг мусиқасига ўйнайдиган барча кучлар – сўллар, ўнглар ва либераллар шаклланганидан далолат беради."

Мустақил кузатувчилар Олий Мажлисга бир йилдан сўнг сайлов ўтказилишини ҳисобга олиб, ҳукумат парламентдаги мавжуд 120 ўриннинг барчасини банд қилиб улгурди, демоқдалар.
XS
SM
MD
LG