Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:12

Халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё ва Кавказ давлатларига таъсири борасидаги фикр-мулоҳазалар.


Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин кўплаб халқаро молия ташкилотлари, нодавлат гуруҳлари ва кўпмиллатли ширкатлар Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида фаолият кўрсата бошлади. Афтидан мазкур гуруҳлар минтақада узоқ муддат қолишни кўзлаб келган эдилар. Бироқ бу гуруҳлар мавжудлигининг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнига қанчалар таъсир этгани ҳозирча номаълум. Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари мустақилликдан бери деярли бирор соҳада тараққиётга эришмади. Аксинча, сўнгги ўн йил ичида қашшоқлик кучайди, ҳукуматлар мустабидлашди ва кўплаб сепаратчилик муаммолари ечимсиз қотиб қолди.

Куни кеча АҚШнинг Массачуссетс штатидаги Ҳарвард Университети томонидан Марказий Осиё ва Кавказ анжумани уюштирилди. Йиғилишда халқаро ташкилотларнинг минтақаги вазиятга таъсири масаласи муҳокама этилди. Анжуманда, жумладан, Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги вакили Дэвид Пирс ҳам иштирок этди. У йиғилиш қатнашчиларига, Марказий Осиё давлатларининг бари бирдек демократик институтлар ташкил этиш, ҳамда бозор ислоҳотларини амалга оширишда бирдек муаммога дуч келаётганини маълум қилди. Пирсга кўра, сув ва энергия соҳасидаги ҳамкорлик, наркотиклар контрабандаси, савдо ва таранзит борасидаги муаммолар минтақа доирасида ўз ечимини кутмоқда. Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги вакили фикрича, улкан энергия заҳирасига эгалиги туфайли Қозоғистоннинг иқтисодий истиқболи порлоқ, аммо нефтдан келадиган даромадни тақсимлаш муаммолигича қолмоқда.

Иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамияти қуриш борасида Қирғизистон ўз қўшниларига қараганда катта ютуқларни қўлга киритган давлат ҳисобланади. Айни пайтда, республиканинг жаҳон бозорларидан узоқлиги, қашшоқлик, демократик тизимларнинг заифлиги ва хорижий қарзлар тараққиётга тўсиқ бўлмоқда, дейди Пирс.

Тожикистонда эса демократик ташкилотлар ҳали мустаҳкам оёққа турмаган, ҳамда мамлакатда хамон ички низо ва можаролар чиқиш тахдиди сақланиб қолмоқда.

Пирс фикрича, Туркманистоннинг буткул изоляцияга киргани минтақавий ҳамкорлик, хусусан, сув тақсимоти борасидаги жараёнга тўсқинлик қилмоқда. Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги вакили Дэвид Пирс Ўзбекистон ҳукумати олдидаги асосий вазифа иқтисодий муҳитни яхшилаш ва минтақавий масалаларда ўз қўшнилари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш эканини таъкидлайди.

Пирс фикрича, халқаро ҳамжамият Марказий Осиёдаги сув масалаларини хал қилишда кўмаклашишни ўз вазифаси қилиб белгилаши керак: “Яқин келажакдаги амалий ёрдам асосан икки ёки уч давлат ўртасидаги икки ва уч томонлама келишувларга, шунингдек, алоҳида олинган ёки дарё ҳавзасидаги ислоҳотлар масаласига қаратилиши керак. Бундан ташқари, сувни тақсимлаш ва сувдан фойдаланиш лойиҳаларига сармоя ётқизишни яхшилаш керак”.

Марта Брил Олкот Карнеги Халқаро Тинчлик Жамғармасининг Марказий Евроосиё бўйича таҳлилчиси. У халқаро ташкилотлар минтақада сезиларли ўзгартишлар қилиш имкониятини аллақачон бой берганларини айтади: “Ғарб Марказий Осиёга кучли таъсир қилиши мумкин бўлган даврда, биз бу ишга тайёр эмас эдик. Мустақилликнинг икки-уч йилида Ғарб жамиятининг тегишли суратда ҳаракат қилмагани, бугунга келиб бизни вазиятга таъсир кўрсатиш имконидан маҳрум қилди”, - деди ғарблик тахлилчи.

Олскот фикрича, дунёдаги қайсики давлат ижобий ислоҳотларни амалга оширган экан, бу ишни халқаро босим остида эмас, ўз мамлакати манфаати учун қилган. Аммо таҳлилчи, Марказий Осиё раҳбарларининг 12 йилдан бери “ташқаридагилар ақл ўргатмасин, ўзим биламан”, қабилидаги сиёсатларидан ҳозирча минтақа аҳолисига рўшнолик етмаганини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG