Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:09

Халқаро терроризмга қарши уруш кенг кўламда олиб борилмоқда.


Бир ҳафта олдин Брюссел суди Тунисда туғилган ал-Қайда террорчисини НАТО ҳаво базасига қарши ҳудкуш террор ҳужуми уюштиришга уринганлик айби билан 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ундан ташқари яна 18 нафар террорчи турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Улар орасида қалбаки паспорт тайёрлашда айбланганлар ҳам, Афғонистон Шимол Иттифоқи кучлари қўмондони Аҳмадшоҳ Масуд ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланганлар ҳам бор.

АҚШнинг Федерал Қидирув Бюроси ва Марказий Разведка Бошқармаси дунёнинг деярли барча давлатларидаги ҳуқуқ-тартибот органлари билан террорчиларни аниқлаш ҳамда террор ҳужумларининг олдини олиш борасида ҳамкорлик қилмоқда. Терроризмга қарши уруш дунё миқёсида олиб борилмоқда. Чунки Ал-Қайда тармоғи ва унга алоқадор гуруҳларнинг ўзи глобал тус олган.

Ғарб матбуотида, Хамбали лақаби билан яхши танилган Ридуан Исомуддиннинг қўлга олинишида АҚШнинг Марказий Разведка Бошқармаси билан Таиланднинг разведка хизмати ходимлари яқин ҳамкорлик қилгани ҳақидаги маълумот эълон қилинди. Ҳамбали Ал-Қайда тармоғига алоқадор “Жамоати Исломия” гуруҳининг Осиё минтақаси, хусусан, Малайзия, Индонезия ва Филиппиндаги террор операциялари учун масъул мутасаддиси бўлган. У ўтган йил октябр ойида Бали ва жорий йил Жакартадаги “Марриот” меҳмонхонасига бомба ҳужумларини уюштирганликда гумон қилинмоқда. Индонезиялик тўрт терговчи ўтган ҳафтада Покистоннинг Карачи шаҳрига келдилар. Ташрифдан асосий мақсад - Покистонда қўлга олинган Хамбалининг укаси Русман Гунаванни сўроқ қилишдан иборат эди. Индонезиялик терговчилардан олдин АҚШ Давлат Котиби ўринбосари Ричард Армитаж Покистонга сафар қилди.

Президент Парвез Мушарраф билан учрашув чоғида Афғонистонда НАТО кучлари таъқибидан қочиб, Покистонга қарашли тоғли ҳудудларга яширинган толиблар қолдиқларини тугатиш масаласи ҳам муҳокама этилди.

АҚШда эса, Қўшма Штатлари ҳарбий ҳаво кучларининг таржимони Аҳмад ал-Халаби ва армия капитани Юсуф Йи Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасидаги фаолияти билан боғлиқ айблов билан қўлга олинди.
Келтирилган мисоллар терроризмга қарши кураш дунё бўйича кўп соҳаларда олиб борилаётганини кўрсатади. Бу худди наркотикларга қарши курашга ўхшайди. Террорчилар ўз фаолиятини молия билан таъминлаш учун асосан наркотиклар контрабандаси билан шуғулланади.

Яқинда АҚШда Рачел Эхренфелднинг “Иблисни молия билан таъминлаш” номли китоби чоп этилди. Унда АҚШ давлат Департаменти дунё бўйлаб 69та террор ташкилотини рўйхатга киритгани билдирилган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзо давлатларни терроризмга қарши урушда ёрдам кўрсатиш учун террорчиларга қарашли банк ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор қабул қилган. Рачелга кўра, 2003 йил апрел ойигача 124 миллион доллар қийматидаги мулк музлатилган. Океан ортида эса 88 миллион долларлик мулк музлатилган. Муаллифга кўра, бу унчалик катта маблағ эмас.

Халқаро терроризмга қарши урушда Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамият, хусусан АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда пулларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Халқаро терроризм фаолиятини молиялаш масалалари билан боғлиқ бу муҳим муаммоларга Ўзбекистонда ҳам эътибор қаратилмоқда.
XS
SM
MD
LG