Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:52

Фрэймут Дувэ: “Марказий Осиё феодализм даврига қайтмоқда”


Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича махсус намаёндаси Фрэймут Дувэ Марказий Осиёдаги вазиятни "феодализмга қайтиш" дея таърифлади. Дувэга кўра, ҳозир шакилланаётган феодал тузумларнинг олдингисидан фарқи ва таҳликали томони шундаки, бугунги ҳоқонлар завод-фабрикаларга эгалик қилибгина қолмай, оммавий ахборот воситалари устидан кучли назорат ўрнатиб уларни ўз тарғибот машинасига айлантирганлар. "Бир томондан, минтақа раҳбарлари оила аъзоларига завод-фабрикаларни бўлиб бериб, ўзларига узоқ муддатли хокимият учун замин ҳозирлашга ва ўзига хос феодал муносабатларни шакиллантиришга уринмоқдалар. Иккинчи томондан эса маҳаллий матбуот фалон завод президентнинг ўғлига ёки қизига тегишли экани ҳақида ёзишга ожиз", - дейди ЕХҲТ намояндаси.

Фрэймут Дувэнинг таъкидлашича, Марказий Осиёлик журналистлар учун ҳукумат доираларида кун сайин чуқур илдиз отаётган коррупция ҳақида ёзиш таҳликали мавзу бўлиб қолмоқда. Ўз сўзининг тасдиғи сифатида Дувэ Ўзбекистонда икки нафар ҳукумат аъзосининг шахсий бизнеси ҳақида ёзган ўзбек журналисти кўргиликларини мисол қилиб келтирар экан: "Ўзбекистонда бунинг энг дахшатли мисолини кўришимиз мумкин. Руслан Шарипов қайта-қайта қийноқларга солиниб, ёш болани зўрлаганлик айби билан қамоққа олинди. Бунинг мустақил журналистни жамоатчилик олдида ёмонотлиқ қилиш учун атайлаб уюштирилгани шундоққина кўриниб турибди. Чунки Ўзбекистонда бу каби айбловлар билан қамоққа олинган шахсдан аҳоли юз ўгиришини ҳукумат яҳши билади", - деб таъкидлайди

Шу ўринда Дувэ Ўзбекистонда жасур журналистлар анча эканини ва улар ҳукумат тазйиқларига қарамай фаолиятларини давом эттираётганликларини инкор этмайди.

- Бироқ, айрим журналистларда ички цензура ҳамон сақланиб қолаётгани ташвишли ҳолдир, - дейди 55 давлат аъзо ташкилотнинг матбуот эркинлиги бўйича намаёндаси ўз сўзида давом этиб.
- Беш йил олдин Ўзбекистонда цензура қўрғони мавжуд эди. Яқинда эса у бекор этилди. Шунга қарамай мамлакатда билвосита цензура мавжуд. Мен буни структурал цензура деган бўлар эдим. Чунки, ҳукумат газеталарида ишлайдиган ёзғучилар қайси соҳага тил теккизса бўлади, қайсисига тегиш хавфли эканини яхши билишади.


Асли Германия фуқароси бўлган Фрэймут Дувэ биз билан суҳбатда сўнгги йилларда Европа оммавий-ахборот воситалари Марказий Осиёдаги ёпиқ жамиятлар учун ёмон ўрнак бўлаётганини ташвишланиб гапиради. Дувэнинг таъкидлашича, Европанинг айрим давлатларида, айниқса Италияда электрон ахборот воситалари деярли ҳукумат раҳбари монополияси остида. "Аслида, Европада бутунлай бошқача структура мавжуд. Бироқ, Италиядаги каби мамлакат бош вазирининг мамлакатдаги хусусий телевидениеларнинг 90 фоизига эгалик қилиши ва айни пайтда давлатни бошқариши ташвишли холдир ва бу Марказий Осиё ёпиқ жамиятлари учун ёмон ўрнак бўлиши мумкин".

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг оммавий ахборот воситалари бўйича идораси раҳбари Фрэймут Дувэ ўз сўзи сўнггида феодализм ғоялари 21 аср учун ёт иллат эканини ва унинг қайтадан урчиётгани демократия учун ҳам, инсоният тараққиёти учун ҳам ўта таҳликали эканини урғулайди.
XS
SM
MD
LG