Линклар

Ироққа оид янги резолюция лойиҳаси бир овоздан тасдиқланмайдиганга ўхшайди.


Акрам Файзулло АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига Қўшма Штатлар Ироққа оид янги резолюция лойиҳасига жиддий ўзгартишлар киритмаслигини билдирди.

Негропонте, Кенгаш аъзоларининг ироқликларга ҳокимиятни топшириш муҳлати ноаниқлигича қолаëтганидан хавотир олаëтганларини эътироф этди. Аммо Америка элчисига кўра, янги резолюция лойиҳасида ироқликларга ҳокимиятни топшириш ва Ироқда БМТга жиддийроқ рол бериш борасидаги муштарак мақсадлар инобатга олинган.

“Душанба куни Кенгаш аъзоларига агар биз резолюция лойиҳасининг охирги матнини овоз беришга қўйсак, улар ўз қўлларидаги резолюцияга жиддий ўзгартишлар киритилишини кутмасликлари кераклигини билдирдим”, - деди Негропонте.

Ҳозир БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилаëтган Негропонте шу кунларда мазкур резолюция лойиҳаси юзасидан учрашув ўтказиш режалаштирилмаганини маълум қилди. Аммо у Қўшма Штатлар икки ҳафтадан кейин Мадридда донор давлатларнинг Ироққа ëрдам бериш масалаларига бағишланган анжуманидан аввал мазкур резолюция лойиҳаси қабул қилинишига умидвор эканини қўшимча қилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар орасидаги келишмовчиликлар туфайли Қўшма Штатлар таклиф қилаëтган янги резолюция лойиҳаси бир овоздан тасдиқланмайдиганга ўхшайди. Бу эса Ироқдаги қайта қуриш ишлари учун халқаро ҳамжамиятдан молиявий ëрдам олишга интилаëтган Америка режасига зарар етказиши мумкин.

Дипломатларнинг айтишларича, агар Қўшма Штатлар резолюция лойиҳасини ўзгартирмаса, Франция, Германия ва Россия овоз беришдан сақланади. Бу давлатлар лойиҳани тасдиқлашдан аввал, Ироқ суверинитетини тиклашни талаб қилмоқдалар.

Ўтган ҳафта БМТ Бош Котиби Кофи Аннан ҳам Қўшма Штатлар таклиф қилаëтган резолюция лойиҳасида БМТга жиддийроқ сиëсий рол берилмаганидан хавотир билдирди. Аннанга кўра, ҳокимият 3-5 ой мобайнида Ироқ муваққат ҳукуматига топширилиши керак ва шундан сўнгра янги Конституция ва сайловларга оид ишлар бошланиши лозим. Қўшма Штатлар эса, олдин конституция қабул қилиниб, сайловлар ўтказилишини хоҳламоқда.

Германиянинг БМТдаги элчиси Дирк Ротенберг Қўшма Штатлар резолюция лойиҳасига ўзгартишлар киритиши ҳақида умид билдирди:

“Душанба кунги маслаҳатимиз самарали бўлди. Кенгаш аъзолари ўзаро муросага эришишга интилмоқдалар. Резолюция лойиҳасининг навбатдаги вариантида БМТ Бош Котиби томонидан билдирилган хавотирлар инобатга олинишини хоҳлаймиз”, - деди Германия элчиси.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучерга кўра, резолюция лойиҳасини қайтариб олиш имкони ҳалиям очиқ қолмоқда. Аммо Баучер АҚШ бошчилигидаги коалиция ироқликларга ҳокимиятни босқичма-босқич топшириш режасидан воз кечмаганини айтади:

“Резолюция лойиҳасининг қабул қилиниши-қилинмаслигидан қатъий назар, ироқликларга ҳокимиятни топшириш жараëни давом этади”, - дейди Ричард Баучер.

БМТ расмийлари агар Ироқда Афғонистондаги каби жиддийроқ сиëсий рол ўйнай олмасалар, асосан гуманитар ишлар билан чекланишларини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG