Линклар

logo-print

АҚШнинг Ироқни барқарорлаштиришга қаратилган бюрократик қадами


Фарангис Саид Душанба куни Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқдаги вазиятни ижобий баҳолади: - Ироқдаги вазият кундан кунга яхшиланмоқда. Ҳозирда одамлар ўзларини эркинроқ ҳис этяптилар; хавфсизлик вазияти, инфратузилма яхшиланмоқда, мактаблар қайта очилмоқда, касалхоналарда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шундай
дер экан АҚШ раҳбари, Ироқни Барқарорлаштириш Гуруҳини таъсис этишга қарор қилганини маълум қилди. Пентагон эмас, Оқ Уй Миллий Хавфсизлик Кенгаши қошида тузилган мазкур гуруҳга АҚШ Мудофаа Вазири Доналд Рамсфелд эмас, Бушнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолиза Райс бошчилик қилади:

- Миллий Хавфсизлик Кенгаши доирасида тузилган ушбу гуруҳ мақсади идоралараро алоқаларни мувофиқлаштириш, Мудофаа Вазирлиги ҳамда Ироқдаги АҚШ маъмури Пол Бремерга ёрдам кўрсатишдан иборатдир, - деб маълум қилди Президент Буш.

Айрим кузатувчилар фикрича, Ироқда барқарорлик ўрнатиш вазифасининг Оқ Уй зиммасига юклатилиши АҚШ раҳбариятининг Пентагон ушбу вазифани эплай билмаётганини тан олганидан дарак беради.

Вашингтонда жойлашган Карнеги Халқаро Тинчлик Жамғармасининг Демократия ва Қонун Устуворлиги Дастури етакчи таҳлилчиси Марина Оттавэй ҳам айнан шу фикрни билдиради:

- Менимча, Пентагон фаолияти яширин равишда танқид қилинмоқда. Ироқдаги ўтиш даври учун ҳозирланган дастлабки режа иш бермаганидан сўнг, ҳозирда бу жараённи қандай бошқариш ҳақида ҳеч кимда аниқ фикрнинг ўзи йўқ.

Вашингтонда жойлашган яна бир тадқиқот гуруҳи – Като институти Вице-президенти Тед Гален Карпентер Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда, Ироқни Барқарорлаштириш Гуруҳини тузиш ҳақидаги қарор қабул қилинган вақт ҳақида гапиради. Бу таҳлилчи, мазкур гуруҳнинг Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони ўз аскарларига нисбатан ҳужумлар сони анча кўпайганини эътироф этганидан кўп ўтмай ташкил этилганига эътибор қаратади:

- Бу Пентагоннинг ўз зиммасига юклатилган вазифани бажара олишига нисбатан билдирилган ишончсизликдир. Ироқдаги хавфсизлик вазияти жуда ёмон. Пентагонда уни яхшилаш учун вақт етарли эди, аммо у бу ишни эплай олмади. Шу боис, Оқ Уй назоратни ўз қўлига олишга қарор қилди.

Бундай қарорнинг қабул қилинишида АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл катта рол ўйнаганини айтар экан Карпентер, айни вақтда бу ўзгариш Доналд Рамсфелд таъсири камаяётганини англатмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, сўнгги пайтда Президент Бушнинг Мудофаа Вазири муовини, АҚШ маъмуриятининг Ироқ сиёсати муаллифи ҳисобланмиш Пол Волфовиц ишидан ҳафсаласи пир бўлган:

- Волфовицнинг яқинда Капитолий тепалигида жуда совуқ қабул қилинганини бир эсланг. Ҳатто Республикачилар унинг фаолиятидан норозиликларини яширмадилар. Фикримча, бу гап Президент қулоғига ҳам бориб етган.

Карнеги Жамғармаси таҳлилчиси Марина Оттавэй эса мазкур қарор билан Буш маъмурияти ироқликлар ва АҚШнинг Европадаги иттифоқдошлари орасида тобора ошиб бораётган норозиликка жавоб беришни кўзда тутганини айтади.

АҚШ ҳукумати режасига кўра, келаси 6 ой ичида Ироқ Бошқарув Кенгаши янги конституцияни ишлаб чиқиши керак. Бир йил ичида эса конституция қабул қилиниб, унинг асосида умумхалқ сайловлари ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Аммо мутахассис фикрича, конституцияни ёзиб тугатиш бундан кўпроқ вақт талаб қилади. АҚШ ҳукумати эса ўз қўшинларини Ироқда йиллар давомида ушлаб туролмайди. Марина Оттавэй ва Карнеги жамғармасининг муқобил таклифи мана бундай:

- Бизнинг тавсиямизга кўра, ироқликлар муваққат конституция қабул қилиб, қонуний мажлис ва миллий муроса ҳукуматини сайлайдилар. АҚШ эса уларга суверенитетни топширади, сўнг доимий ҳукумат ва конституция устидаги ишни давом эттиради.

Таҳлилчи фикрича, муваққат ҳукумат АҚШ, аниқроғи куни кеча тузилган Ироқни Барқарорлаштириш Гуруҳи кўмаги билан Ироқда хавфсизликни таъминлаш ва барқарорлик ўрнатишга киришади.

Тед Гален Карпентер эса Оқ Уйнинг янги гуруҳ тузиш ҳақидаги қарорини “бюрократик қадам”, дея баҳолар экан, аслида АҚШнинг Ироқ сиёсатини ўзгартириш лозимлигини таъкидлайди. “Ироқликларнинг аксарияти АҚШни босқинчи, деб қабул қилмоқда. Бюрократик қарор билан бу муносабатни ўзгартириб бўлмайди”, - дейди америкалик мутахассис ва яна бир бор сиёсат моҳиятини ўзгартириш лозимлигини таъкидлайди.
XS
SM
MD
LG