Линклар

logo-print

Бошқарув Кенгаши турк қўшинларининг Ироққа киритилишига қарши

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқ Бошқарув Кенгашидаги эътирозларга қарамай, Қўшма Штатлар турк қўшинларининг Ироққа киритилиши борасида қатъий турмоқда ва айни таклифнинг Кенгаш тарафидан маъқулланишини хоҳламоқда.

Буш маъмурияти мулозимларига кўра, бу борада Бошқарув Кенгашида юзага келган қарама-қаршилик Ироқда барқарорликни таъминлаш ва қайта қуриш ишларига халал бериши мумкин. Бироқ, АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд чоршанба куни Колорадо штатида НАТО мудофаа вазирлари билан учрашувдан сўнг қилган маърузасида Бошқарув Кенгаши аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар аҳамиятини камайтириб гапирди.

- Ироқ Бошқарув Кенгаши турк қўшинларининг мамлакатга киритилишига қарши чиқишига мен ишонмайман. Балки у ерда Кенгашнинг бир-икки аъзоси эътироз билдириб, ўз фикрини ифода этгандир. Лекин, бу бутун бошли Бошқарув Кенгаши масалага қарши эканини англатмайди, - деди Пентагон раҳбари.

Айни пайтда, Ироқдаги Америка маъмурияти раҳбари Пол Бремер Бошқарув Кенгашида юзага келган қарама-қаршиликларни юмшатиш борасида Кенгаш аъзолари билан музокараларни давом эттирмоқда. АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер чоршанба куни Бремер Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзолари билан яна учрашганини айтди ва бу сўзлашувлар самарали бўлишига умид билдирди. "Биз улар билан гаплашяпмиз, улар билан ишлаяпмиз. Бошқарув Кенгашидагиларнинг масалага қарашлари ҳар хил, улар орасида қарши чиқаётганлари ҳам бор". Баучер ўз сўзида давом этиб, Бошқарув Кенгаши турк қўшинларининг Ироққа киритилиши борасида ҳали расмий тўхтамга келмаганини алоҳида таъкидлади.

- Фактларга тўхталадиган бўлсам, ҳозирча Бошқарув Кенгаши томонидан масалага доир на расмий қарор, на баёнот ва на резолюция қабул қилинди. Фақат, алоҳида шахслар, яъни Бошқарув кенгашининг алоҳида аъзолари томонидан фикр билдирилаяпти холос, - деди Давлат Департаменти матбуот мулозими Ричард Баучер.

Баучернинг таъкидлашича, Вашингтон Бошқарув Кенгашидаги эътирозли фикрларни инкор этаётгани йўқ. Балки, масалани очиқ музокаралар йўли билан ҳал қилишга уринмоқда.

Бремернинг Кенгаш аъзолари билан музокараларига тўхталадиган бўлсак, аксар Кенгаш аъзолари Анкаранинг сешанба куни қабул қилган қарорига қаршилик билдирди. Улар орасида келиб чиқиши курд бўлган Бошқарув Кенгаши аъзоси Маҳмуд Отман ҳам бор.

"Умумиятла ҳар қандай қўшни давлат Ироққа қўшинини киритишига биз қаршимиз. Чунки, бунинг америкаликлар айтаётганидек мамлакатдаги хавфсизликни таъминлаш ишларига фойдаси бўлмайди."

Туркия Парламенти қарори узоғи билан бир йилга турк қўшинларининг Ироққа киритилишини назарда тутади. Бироқ, қўшинлар сони, уларнинг қаерга жойлаштирилиши ва мухлати Америка Қўшма Штатлари билан келишилиши лозим.

Айни қарорга қарши чиқаётганлар асосан Бошқарув Кенгашидаги курдлардир. Бироқ, таҳлилчиларга кўра, шиа ва сунний араблар ҳам бунга эътироз билдирганлар. Агар Бошқарув Кенгашидаги бундай қарама-қаршилик бартараф этилмаса, дейишмоқда таҳлилчилар, бундай холат АҚШнинг Ироқда тинчликни сақлаш ҳаракатларига путур етказиши мумкин. Ню Йоркдаги Ташқи алоқалар мустақил кенгаши таҳлилчиси, Дэвид Филипс ҳам шундай дегувчилардан.

"Бу ерда қандай муроса бўлишига ақлим етмаяпти. Бир томондан, Бошқарув Кенгаши турк қўшинларининг келишини хоҳламаяпти. Иккинчи томондан, коалиция маъмурияти қўшинлар киритилишини талаб этаяпти. Қандай қилиб бу икки нарсани бир жойга келтириш мумкин? Бу ерда муроса учун жуда кичик имконият бор ва бундай холат Бошқарув Кенгаши ва Коалиция маъмуриятини бир бирига қарши қилиб қўйиши мумкин. Бундан эса ҳеч бир томон манфаат кўрмайди".

Вашингтон ўтган ой ҳарбий ҳамкорлик эвазига Анкарага 8.5 миллиард доллар кредит беришини маълум қилди. Агар АҚШнинг режаси амалга ошадиган бўлса 10 минг турк қўшини Ироққа киритилиши мумкин. Бундай ҳолда, Туркия Ироққа энг кўп қўшин киритган биринчи мусулмон давлати бўлади.
XS
SM
MD
LG