Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:49

Қайдасан, Қозоғистон!


Ситора Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан қарийб икки минг фуқаро Қозоғистонда пахта термоқда.

Самарқанднинг Жомбой туманидаги Охунбобоев номли, «Ҳақиқат», «Ўзбекистон» каби ўнлаб хўжаликларда яшовчи икки мингга яқин фуқаро Қозоғистонда пахта термоқда. Уларнинг асосий қисмини болалар ва аёллар ташкил этади.

Қозоғистонда ишлаб қайтганларнинг айтишича, улар ойига ўртача 100 минг сўм атрофида даромад қилмоқда. Қозоқ фермерлари ўзбекистонликларга бир килограмм пахта учун қирқ сўмдан ҳақ тўлаётир. Ўзбекистонда эса бир килограмм пахтага ошиб борса ўттиз бир сўм берилади.

Хабарларга қараганда, қозоқ фермерлари Ўзбекистон фуқароларига қўпол муносабатда бўлмоқда. У ерда ишлаб қайтганларнинг айтишича, қозоқ фермерлари орасида ўзбекларни ҳақоратлаш анъана тусига кирган. Хусусан, улар ўзбекларни пахта далаларида Ўзбекистон гимнини айтишга мажбур этади.

Хўш, жомбойликларни, умуман, Ўзбекистон фуқароларини қўшни мамлакатда пахта теришга ундаётган омиллар нима?

Хабарларга қараганда, бутун мамлакатда бўлгани сингари Жомбойда ҳам аҳолига нафақа пулларини тўлаш муаммоси мавжуд. Бундан ташқари, терилган пахта учун ҳақ тўлашда ҳам муаммолар бор.

70 ёшли Суннатқул Қобиловнинг айтишича, унинг болалари, неваралари туман далаларида пахта термоқда. Бироқ вилоятда 20 сентябрда оммавий теримга киришилган бўлса-да, ҳали пахтакорларга тўла ҳақ тўланмаган.

«Пахтабанк»нинг Жомбой тумани бўлими бошлиғи Ориф Луқмоновнинг сўзларига қараганда, шу ҳафта давомида барча пахтакорларга пахта пули тўланади.

Шу ўринда айтиш керакки, жомбойликларнинг кўпчилиги Қозоғистонга пахта тераётгани учун туман далаларидаги пахтанинг асосий қисмини талаба ва ўқувчилар йиғиштириб олмоқда.
XS
SM
MD
LG