Линклар

Ўзбекистонликлар қозоғистонлик тартиб посбонларидан дод демоқда

  • Барно Анвар

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ушбу мамлакатга келган ёки унинг ҳудудидан бошқа давлатга кетаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан тазйиқлар ўтказмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқароларининг хорижга иш излаб кетиш ҳоллари жуда кўпайди. Уларнинг асосий қисми Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетмоқда. Бироқ бу кишиларнинг қонуний ҳимояси тўла таъминланмагани боис ўзбеклар хорижда, жумладан, Қозоғистонда кўплаб муаммоларга дуч келаётир. Маълумотларга қараганда, қозоғистонлик ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларга очиқдан-очиқ қўпол муомалада бўлиб, аксарият ҳолларда таламоқда.

Яқинда Қозоғистонда ана шундай муносабатга дуч келган Қудрат Ҳакимовнинг айтишича, қозоқ милиционерлари Ўзбекистондан келаётган поездларга чиқиб, йўловчилардан юз россия рублидан йиғиб олади. Пул бермаганлар эса калтакланади. Қозоғистонлик божхона ходимлари ҳам божхонадан ўтаётган ҳар бир ўзбекистонликдан пул йиғиб олар экан.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Руслан Молдашевнинг айтишича, ана шундай тазйиқларга учраган ўзбеклар элчихонага кўп бор мурожаат қилган. Аммо мурожаат қилганлар кўп ҳолларда ўзига ноқонуний муносабатда бўлган милиция ва божхона вакилларнинг исм-шарифини ёки жетон рақамини, воқеа содир бўлган жой ва вақтни аниқ айта олмайди. Ёзма равишда мурожаат қилишга эса одатда рози бўлмайди.

Элчихона ходими агар бу борада ёзма мурожаат бўлса, масала албатта ўрганиб чиқилишини маълум қилди. Ушбу муаммо айни пайтда элчихонамизнинг диққат-эътиборида, деди у.

Мустақил кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, хорижда юрган ўзбекистонликлар шундай вазиятларда мамлакат ҳукумати томонидан аксарият ҳолларда ҳимоя этилмайди.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиев хорижда муаммоли вазиятга тушиб қолган фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистонда тегишли тизим ишлаб чиқилмаганини таъкидлайди. Шу боис чет элда юрган ўзбекистонликларнинг аҳволи тўғрисида бугун кўпроқ нохуш хабарларни эшитиш мумкин, дейди кузатувчи. Унинг айтишича, хорижда Ўзбекистон фуқароси калтакланса ёки қамалса, қайтиб келгандан сўнг ўз юртида ҳам тазйиққа учрайди. Уни Ўзбекистондан ноқонуний равишда чиқиб кетганликда айблашади.
XS
SM
MD
LG