Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:48

Андижондаги жомеъ масжид қаровсизликдан нураб бормоқда


Турғунбек Андижондаги жомеъ масжид 1885-1892 йилларда Маҳмуд Алибой томонидан бунёд этилган. Бугунги кунга келиб ушбу меъморий обида қаровсизлик оқибатида жуда хароб аҳволга тушиб қолган.

Беш гектардан ошиқ майдонни эгаллаган жомеъ масжиди 122 ҳужра, 2 гумбаз, битта минорадан иборат. Айни пайтда унинг бешдан бир қисмида вилоят адабиёт ва санъат музейи жойлашган. Бироқ бутун бино сингари жомеънинг бу қисми ҳам вайронага айланиб бормоқда.

Вилоят маданий мерос обьектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Дилшодбек Юсуповнинг айтишича, жомеъ масжиди ўттиз йилдан буён таъмирга муҳтож. У шўр ва зах таъсирида тобора нураб бормоқда. Агар яна уч-тўрт йил давомида таъмирланмаса, ушбу маданий ёдгорлик бутунлай вайронага айланади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу ерда намоз ўқилган эди. 1994 йилда эса масжид ёпилди. Ўша пайтда ўтказилган тинтувлар вақтида жомеъ масжиддан ўқотар қуроллар топилган, деган миш-мишлар юради. Бироқ ўша вақтда бу ерда қоровул бўлиб ишлаган Мухтор ҳожи Каримовнинг айтишича, масжидда ҳеч қандай қурол бўлмаган.

Шундай бўлса-да, аҳоли масжидни қайтадан очиш тўғрисида тегишли идораларга мурожаат қилишга қўрқмоқда. Чунки улар ўзларининг ноқонуний диний оқимларга алоқадорликда айбланиб қолишидан чўчиётир.

Вилоят ҳокимлиги дин назорати бўлими вакилининг сўзларига қараганда, айни пайтда жомеъни таъмирлаш учун маблағ йўқ.

Шу ўринда 2003 йилда Андижонда 20 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиб, муҳташам спорт мажмуи барпо этилганини эслаб ўтиш лозим туюлади. Наҳотки, битта спорт иншоотига шунча маблағ ажратган вилоят маъмурларини тарихий ёдгорликнинг тақдири қизиқтирмаётган бўлса? Ахир, 19-асрда бунёд этилган бу иншоот нафақат диндорларнинг, балки бутун халқнинг маданий мероси эмасми?
XS
SM
MD
LG