Линклар

logo-print

Оқсоқоллар сайлови: Демократия сари яна бир қадамми ёки...

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Кенгаши «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов ўтказишни ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилди.

Жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугайди. Юқорида номи зикр этилган қарор асосида ўтказиладиган сайлов уларнинг ўрнига кимлар келишини аниқлаб бериши керак.

Бироқ ушбу сайловларнинг демократик руҳда ўтишига маҳаллий кузатувчилар шубҳа билдирмоқда. Жамиятшунос Комрон Алиев бу қарорнинг қабул қилинишидан таажжубга тушганини билдирди. Унинг айтишича, маҳаллалар ҳамма вақт ўз раҳбарларини ўзлари сайлаган. Бунга ҳукуматнинг аралашиши маҳаллада мавжуд анъана ва идеалларга зид келади.

Кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, шу вақтгача маҳалла раислигига номзодлар ўша ерда яшовчи аҳолининг хоҳиш-истаклари билан ҳисоблашилмасдан кўрсатиб келинган. Сайлов эса расмиятчилик учун ўтказилган.

«Freedom house» ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимаси Умида Ниёзованинг фикрича, ҳокимликларнинг маҳалла раисини тайинлаш ҳуқуқига эга эканининг ўзиёқ сайловларнинг қанчалик демократиклигини кўрсатиб турибди.

Қарорда туман ва шаҳар ҳокимликларига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар) ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзод танлашда кўмаклашиш тавсия этилгани ҳам У.Ниёзованинг фикрлари тўғри эканини тасдиқлайди. Зеро, ҳокимликлар ўз номзодларининг ғалаба қозонишини таъминлашни яхши билади.

Жамиятшунос Комрон Алиев ҳокимликлар томонидан тайинланган фуқаролар йиғинининг раиси ёки оқсоқол ҳеч қачон мустақил фаолият кўрсата олмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, оқсоқоллар ҳокимликлардан маош олиши белгилангани сабабли улар ҳокимликларнинг сўзидан чиқа олмайди.

Фуқароларнинг фикрича, маҳалла раҳбарларини халқнинг ўзи сайлашига имконият яратиб бериш даркор. Қонун эса бу сайловнинг яширин овоз бериш йўли билан ўтишини кафолатлаши керак. Ўшандагина ҳокимликлар номзодлари эмас, аҳолининг ўзи танлаган шахс маҳаллага раҳбар бўла олади.
XS
SM
MD
LG