Линклар

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бюллетень чиқарди


Наманганлик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаоли Собитхон Устабоев Намангандаги ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг айрим ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол этилаётгани ҳақида бюллетень чиқарди.

«Freedom house»нинг Намангандаги ресурс маркази ёрдамида чоп этилган ушбу бюллетень мамлакатда якка шахс томонидан биринчи марта чиқарилгани билан эътиборга лойиқ.

«Менинг қўлимда инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ анча-мунча ахборотлар мавжудлиги боис мустақил равишда бюллетень чиқаришга қарор қилдим», - дейди С.Устабоев.

С.Устабоевнинг бюллетени Ўзбекистонда халқаро муассасалар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг шу турдаги нашрларидан фарқ қилади. Унда Ўзбекистон Жиноят кодексининг маълуму машҳур 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) билан айбланаётган шахслар ҳақидаги ахборотларга ўрин берилмаган.

С.Устабоевнинг изоҳлашича, бу модда билан айбланганлар ҳақида ахборотлар жуда кўп тарқатилган. Шунинг учун у бошқа соҳалардаги ҳуқуқбузарликларга кўпроқ эътибор қаратишга интилган.

Бюллетень муаллифи «Озодлик» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилмаган соҳа қолмади, дея таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон Конституциясида фуқаролар учун берилган ҳуқуқларнинг барчаси поймол этилмоқда.
«Энг даҳшатлиси, бу ҳуқуқ бузилишлари доимий ва узлуксиз тус олган», - дейди С.Устабоев.
XS
SM
MD
LG