Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:10

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг АҚШ элчисига эътирози бор


Шайбон АҚШнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги (ЕХҲТ) элчиси Стивен Миникеснинг мазкур ташкилот доимий кенгашидаги маърузаси ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва маҳаллий кузатувчиларда кўплаб эътирозлар уйғотди.

Ушбу маърузада жаноб Миникес Ўзбекистонга ташрифи давомида иқтисодий ислоҳотлар ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ижобий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, у Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароитлар ҳам бирмунча яхшиланганини маълум қилади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев ушбу маърузага муносабат билдириб: «Ўзбекистонда юритилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат нақадар нотўғри экани бугун кўпчиликка маълум. Наҳотки, ЕХҲТ ва бошқа ташкилотлар вакиллари буни кўрмаётган бўлса?» деди.

«Ҳьюман райтс уотч» ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер «Озодлик» мухбири билан суҳбатда элчининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида ижобий ўзгаришлар юз бераётгани ҳақидаги фикрига қўшилмаслигини маълум қилди.

«Мен ҳар куни шу муаммога тўқнаш келаман, - дейди М.Богнер. – Афсуски, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги вазият мутлақо ўзгаргани йўқ ва ҳуқуқбузарликлар ҳамон давом этаётир».

Стивен Миникес ўз маърузасида Ўзбекистон ҳукуматининг цензурани бекор қилганини таҳсинга лойиқ қадам сифатида баҳолаган. Бироқ Матильда Богнер бу фикрга қўшилмайди.

«Журналистлар танқидий материал ёзса, таъқибга учраши ёки қамоққа тушишини билади. Шунинг учун улар дадил чиқишлар қилишдан қўрқади. Ҳукумат ҳанузгача маҳаллий оммавий ахборот воситаларини тўла назорат қилаётгани бугун барчага аён», - дейди М.Богнер.

М.Богнер Стивен Миникеснинг Ўзбекистон қамоқхоналаридаги шароитга берган баҳосига ҳам эътироз билдирди. Унинг айтишича, қамоқхоналарда қийноқлар ҳамон давом этмоқда. Буни фуқаролардан келаётган кўплаб шикоятлар ҳам тасдиқлайди. Бунинг устига, халқаро ташкилотларнинг Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги тавсияси ҳам инобатга олинмаётир.

Шу ўринда АҚШ элчисининг Ўзбекистон ҳақида нега бундай ажабтовур маъруза тайёрлагани сабабларига тўхталиб ўтиш ўринлидир. Кузатувчиларнинг айтишича, бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Биринчидан, бугунги кунда АҚШнинг Афғонистондаги муаммоларни ҳал қилиши анча узоққа чўзилиши кундай маълум бўлиб қолди. Бу вазиятда АҚШ учун Ўзбекистондай ҳамкор жуда зарур.

Иккинчидан, Россиянинг Қирғизистонда ўз ҳарбий базасини ташкил этаётгани АҚШнинг минтақадаги стратегик манфаатларига сезиларли путур етказади. Бу эса расмий Вашингтоннинг Ўзбекистон билан янада яқин бўлишини тақозо этади. Бунинг устига, Оқсаройнинг ўзи Оқ уй билан яқинлашишга интилаётган бир пайтда бунга тўсқинлик қилиш АҚШнинг манфаатларига мос эмас.

Шу каби сабаблар боис АҚШ маъмурияти Ўзбекистонга очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказмаслик йўлини танлаган бўлса ажабмас, дейди кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG