Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:45

Коррупция глобал муаммога айланмоқда.


Акрам Файзулло Коррупция жаҳоннинг аксарият мамлакатларида катта муаммога айланмоқда. Маълумотларга кўра, ривожланаëтган ҳар 10 мамлакатнинг еттитасида порахўрлик билан боғлиқ жиддий муаммолар кузатилмоқда.

Ўтган эшиттиришларимизда дунë мамлакатларидаги коррупция муаммоси билан шуғулланувчи “Transparency International” ташкилотининг йиллик ҳисоботи хулосалари билан таништирган эдик. Мазкур ҳисоботда, хусусан, Скандинавия давлатлари порахўрликдан тоза бўлиб қолаëтгани, демократия ривожланмаган, камбағал мамлакатларда эса коррупция чуқур илдиз отаëтгани билдирилган эди.

Аммо Ғарб давлатларида ҳам коррупция билан боғлиқ вазиятни яхши, деб бўлмайди. Францияда порахўр собиқ расмийлар устидан олиб борилаëтган маҳкама жараëни бунга яққол мисол бўлиши мумкин.

Франция собиқ Бош Вазири Алэн Жўппэ бундан 10 йил аввал Париж шаҳар ҳокимиятининг молиявий ишлар бўйича маъсул ходими бўлган пайтида ўз бошлиқлари фойдасига сохта иш жойларини яратганликда айбланмоқда. Франция Президенти Жак Ширак ўшанда Париж шаҳар ҳокими эди.

1981 йилда Франсуа Миттеранд Президент этиб сайланганидан бери Францияда бир неча давлат расмийси порахўрликда айбланиб, жавобгарликка тортилди. Бундай расмийларнинг маҳкама жараëнида Президент Ширак номи ҳам тез-тез тилга олинди. Аммо ўтган йили Франция Олий Суди президентга дахлсизлик ҳуқуқини берди. Натижада Ширакнинг токи у президент экан, Алэн Жўппэ ëки порахўрликда айбланаëтган бошқа расмийлар маҳкамасида гувоҳлик бериши шарт бўлмай қолди.

Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида кузатилаëтгани каби Францияда ҳам порахўрлик тепасида турган раҳбарлар эмас, балки кўпинча, пастроқ лавозимдаги мутассадилар жазоланмоқда.

Франция чиқадиган “Л Экспресс” газетаси муҳаррири ўринбосари Кристофе Барбиер бу ҳақда мана буларни айтади:

“Кўплаб сайланган сиëсатчилар порахўрликда айбланаëтган бўлсалар-да, жавобгарликка тортилаëтганлар сони жуда камдир. Шунинг учун францияликлар Адлия тизими ëмон ва коррупцияга ботган ëки барча сиëсатчилар порахўр, деб ҳисоблашмоқда”, - дейди Кристофе Барбиер.

Собиқ Совет Иттифоқи республикалари ва мусулмон мамлакатларида коррупцияда айбланган сиëсий амалдорлар ҳакамларга қарши турли таҳдид уюштириш ëки пулнинг кучи билан сувдан қуруқ чиқиб кетишмоқда, деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Аммо қонун устивор бўлган Ғарб мамлакатлари ҳам бундай муаммодан холи эмасга ўхшайди. Кристофе Барбиернинг айтишича, Францияда ҳам коррупцияда айбланган сиëсий амалдорларнинг маҳкама ишини кўриб чиқувчи ҳакамлар турли таҳдидлар ва босимларга учрашмоқда.

Франциялик таҳлилчи Вероник Пужаснинг айтишича, мамлакатдаги сиëсий тизим ҳам коррупцияга қарши курашга қисман тўсиқ бўлмоқда. Таҳлилчи, Францияда Адлия Вазири Давлат Бош Прокурорини тайинлаши, у эса ўз навбатида коррупцияда айбланган амалдорнинг маҳкама иши учун прокурорни белгилашини айтади:

“Адлия тизими устидан маълум сиëсий назорат бор. Оқибатда у ëки бу шахсни жавобгарликка тортиш ëки хатто маҳкама жараëнини давом эттириш борасида ҳакамлар салоҳияти ниҳоятда чекланиб қолган”, - дейди Франциялик таҳлилчи.

“Transparency International” ташкилотининг коррупция муаммоси бўйича тарқатган бу йилги ҳисоботида Франция Европа Иттифоқининг энг ëмон баҳо олган аъзоларидан бири бўлди. Ҳисоботнинг порахўрлик ботқоғига ботган мамлакатлар руйхатида Франция Чили, Исроил ва Қўшма Штатлардан кейинги 23 ўринга раво кўрилди.
XS
SM
MD
LG