Линклар

Этикдўзга ҳам кун йўқ


Зикрилла Ишонч Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда бозорларни тартибга солиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли келиб чиқаётган можаролар этикдўзларни ҳам четлаб ўтмади.

Бозорларни «тартибга солиш»га киришилишидан олдин Чорсу бозоридаги этикдўзларнинг саноғига етиш қийин эди. Хабарларга қараганда, ҳозир бу ерда бир неча ўн этикдўз қолган, холос. Милиция ходимлари эркин ишлашга йўл бермаётгани туфайли уларнинг кўпчилиги бошқа жойларга кетиб қолган ёки яширин равишда ишламоқда.

Бироқ Чорсуда ҳеч кимдан ҳайиқмай бемалол ишлаётган этикдўзларни ҳам учратиш мумкин. Бунинг сабаби шуки, дейди оёқ кийим ямовчилардан бири, улар доимо бозор маъмурларини «хурсанд» этади, оддийроқ қилиб айтганда пора бериб туради.

Этикдўзларнинг айтишича, ишлашга шароит яратиб берилса, улар солиқ ва патент пули тўлашга ҳам рози.

Кузатувчиларнинг фикрича, бозорларда этикдўзларнинг кўпайгани аслида халқнинг қашшоқлашиб кетганидан далолат беради. Янгисини сотиб олишга қурби етмаган аҳоли, албатта, эскисини яматиб кияди.

Этикдўзларга нисбатан тазйиқ кучайганининг сабаблари бор, албатта. Бу ҳам ўзига яраша бизнес. Маълумотларга қараганда, бир ямоқчи кунига 10-15 минг сўмгача даромад қилар экан. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг бозорларда ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни такомиллаштиришни кўзда тутувчи 330-сонли қарори ижросига киришилганидан маъмурлар ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Яъни, шу қарорни рўкач қилиб, этикдўзларга зуғум ўтказса, улардан кўпроқ пул ундириш мумкин бўлади. Чунки этикдўзларнинг кўпчилиги иш йўқлигидан шу касбни танлашга мажбур бўлган кимсалар. Агар шу ишдан ҳам маҳрум этишса, бошқа иш тополмаслигини улар яхши билади.
XS
SM
MD
LG