Линклар

Бошпанасиз қолганлар


Фарангис Саид

Жума куни эълон қилинган ҳисобот Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти учун Женевада жойлашган Бошпанасиз Қолган Шахслар бўйича Глобал Лойиҳа томонидан тайёрланган.

Ҳисоботга кўра, бугунги кунда Европа мамлакатларида 3 миллион одам бошпанасиз қолган. Улар ўз уйларини уруш туфайли тарк этишга мажбур бўлганлар ёки ҳукумат томонидан таъқиб қилинганлари натижасида бошпанасиз қолганлар.

“Бошпанасиз қолган шахс” дейилганида ички қочқин, яъни ўз уйини тарк этиб, мамлакатнинг бошқа - хавфсизроқ қисмида яшаётган шахс тушунилади. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига кўра, “қочқин” ва “бошпанасиз қолган шахс” тушунчалари ўртасида жуда муҳим фарқ мавжуд. Муайян шахс ўз мамлакати чегарасини кесиб ўтганидагина, унга нисбатан “қочқин” мақоми кўлланила бошлайди. Ўз уйини тарк этиб, бошқа жойга кўчишга мажбур бўлган, аммо давлат чегарасини кесиб ўтмаган киши эса “бошпанасиз қолган шахс” тоифасига киради. Чегарани кесиб ўтиш учун баъзида ўн қадам қўйиш кифоя бўлса-да, халқаро ҳуқуқда қочқин ва бошпанасиз қолган шахс орасида ер билан осмонча фарқ бор. Бу фарқ – уларга берилган ҳақ-ҳуқуқларда.

Қочқинлар учун лагерлар қуриш, уларни озиқ-овқат, бошпана, иш билан таъминлаш, халқаро шартномаларга кўра, ҳукуматлар мажбурияти ҳисобланиб, бу мақсадда катта маблағ ажратилади. Бошпанасиз қолган шахслар аксарият ҳолларда ҳукуматлар учун бошоғриқдан бошқа нарса эмас.

Жума куни эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг ҳукумат бошпанасиз қолган шахслар ҳақида қайғурмайди. Одатда расмийлар мамлакатда мавжуд ижтимоий сиёсат, яъни нафақа, ойлик маош ва бошқа тўловларни белгилаш, иш билан таъминлаш орқали бошпанасиз қолган шахслар муаммолари ҳал этилади, деб ҳисоблайдилар.

Ҳисобот муаллифларидан бири Кристоф Бо Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бошпанасиз қолган шахслар аҳволидан жиддий ташвиш билдираётганини айтади:

- 3 миллион шахс бошпанасиз қолган бўлиб, улар Кавказ, Жануби-шарқий Европа, Туркияда кўп йиллардан буён бу мақомда яшайди. Ушбу одамлар ўз уйини тарк этганларига 10 йилдан ошди. Улар учун уйларига қайтишнинг имкони деярли йўқ. Уйларига қайтишни кутар эканлар, бошпанасиз қолганлар иккинчи тоифадаги фуқаролар каби, қийинчиликда яшамоқдалар.

Қийинчиликлар, асосан, иқтисодий эканини қайд этар экан, Кристоф Бо, айни вақтда уларнинг таъқиб қилиниши ҳоллари ҳам кузатилаётганини айтади:

- Сўнгги икки йил ичида бошпанасиз қолган шахслар рўйхатидан 700 минг кишининг номи олиб ташланди. Аммо, фикримизча, муаммо ҳамон эътибор талаб қилади. Биринчидан, 700 минг одам ўз уйига қайтганига қарамай, инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботларга кўра, уларнинг уйга қайтарилиши катта қийинчиликлар билан кечган ва улар ҳамон оғир аҳволда яшамоқда. Уларнинг на жисмоний, на шахсий хавфсизлиги таъминланган. Улар ҳамон қийинчиликда яшамоқда.

Кристоф Бонинг маълум қилишича, Россияда ҳам бошпанасиз қолган шахслар сони жуда катта бўлиб, хусусан, чеченлар ўз ихтиёрига қарши ватанига қайтарилмоқда:

- Россия расмийлари Чеченистонга кўпроқ одам қайтаётганини таъкидлайдилар. Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, одамлар ўз ихтиёри билан қайтмаяпти. Чеченистоннинг айрим ҳудудларида вазият шундай-ки, у ерга қайтиш ниҳоятда хавфли. Зўравонликлар ҳамон давом этмоқда. Одам ўғирлаш ҳоллари кўп учрайди. Жазосизлик ҳукм суряпти.

Мутахассиснинг қайд этишича, бошпанасиз қолган шахслар мамлакат хавфсизлиги учун жиддий хатардир. Масалан, Боснияда ички қочқинлар Хорватияга қочиб кетганлар уйларига кириб яшашмоқда, ва ватанига қайтганларга хонадонларни бўшатиб, мулкни қайтаришдан бош тормоқдалар. Бу эса ички вазият ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашишига олиб келаётир.

Ҳисоботда қайд этилишича, 1994-99 йилларда Туркияда 1 миллион нафар курд ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Бу ЕХҲТ ҳудудидаги бошпанасиз қолган шахсларнинг энг йирик гуруҳи ҳисобланади.

Тоғли Қорабоғ устидаги можаро расман 10 йил аввал якунланганига қарамай, Озарбайжон ҳудудида 575 минг бошпанасиз қолган шахс бор.

Бу тоифадаги одамларга эга давлатлар орасидан, шунингдек, Босния, Грузия, Россия, Сербия ва Черногориялар ҳам ўрин олган.
XS
SM
MD
LG