Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:36

Балида яна бомба портлайди


Фарангис Саид

2002 йил 12 октябр. Индонезиянинг Бали оролида жойлашган тунгги клубларда иккита бомба портлади. Нобуд бўлган 202 одамнинг аксарияти хорижликлар эди.

Шу йил 12 октябр якшанба куни Балида қурбонларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтади. Шанба куни оролга Австралия Бош Вазири Жон Ховард етиб борди.

Портлашлар юзасидан тергов иши олиб борган Бали полицияси раҳбари Маде Мангку Пастика бугунги кунда оролда хавфзилик таъминланганини таъкидлайди:

- Биз вазиятни, хусусан хавфсизликка оид вазиятни нормаллаштиришга муваффақ бўлдик. Ҳозирда Балига кунига 3-4 минг хорижий ташриф буюради. Мен ўзим оролга келаётган кўпгина одамларни кўраман. Демак, вазият 2002 йил 12 октябргача бўлган аҳволга қайтган.

Шундай дер экан Пастика, агар вазият хавфли бўлганида, Австралия раҳбари оролга бормаган бўларди, дейди.

Шу кунларда 5 минг полициячи изқувар итлар билан оролда хавфсизликни таъминлашга жалб этилди. Денгиз бўйида, тунги клублар жойлашган Кута пляжида ўт ўчирувилар ва полиция машиналари жойлаштирилди. Меҳмонхоналарда хавфсизлик чоралари кўрилди.

Айни вақтда оролда яна бомба топилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Пастика буни инкор этмайди. Иккита бомба топилганини маълум қилар экан, у “улар Индонезияда топилди, Балида эмас”, дея таъкидлайди.

Террор ҳужумлари оқибатида нобуд бўлган 202 киши яқинлари Балида йиғилмоқда. 88 фуқаросини йўқотган Австралия ҳукумати оролга фақат ҳужумларда тирик қолганлар ва қурбонлар қариндошлари боришлари мумкинлигини маълум қилди. Қурбонлар яқинлари учун Балига бориб, хотирлаш маросимларида қатнашиш жуда муҳимлиги шубҳасиз.

Террорчилик ҳужумида, шунингдек, 26 британиялик нобуд бўлган. Британия ҳукумати вакиласи баронесса Кроули ҳам Балига боради. Аммо британияликлар бундан норози, чунки улар фикрича, ҳукумат қурбонлар ва улар қариндошларига етарлича эътибор қаратмаяпти.

Ўғли Майкл ҳужумда вафот этган Кейт Стэндриг Австралия Бош Вазири сўнгги 1 йил давомида Балига иккита марта боргани, Британия Бош Вазири Тони Блэр эса ҳатто мамлакат ичида ўтказилган хотирлаш маросимларида қатнашмаганини айтади. Қурбонлар қариндошлари ташаккурини фақат Уэлс шаҳзодаси Чарлз қозона олди. У ўзининг Хайгроув саройида хотирлаш маросими ўтказди.

Стэндриг ва бошқа қурбонлар яқинлари якшанба куни Лондондаги Муқаддас Мартин черковида ибодат маросимини ўтказишни режалаштиришган. Улар, шунингдек, Лондонда қурбонлар учун ҳайкал ўрнатиш ниятида пул йиғишмоқда. Ва ҳукумат бу ишда уларга ёрдамлашмаётганидан шикоят қилишаётир.

Айни вақтда Бали полицияси раҳбари “Ал-Қайда” террор тармоғининг Жануби-шарқий Осиёда фаолият юритувчи қисми – “Жамоаи Исломия” ташкилоти ҳамон фаол экан, Индонезияда хавфсизликни тўла таъминлаш мумкин эмаслигини эътироф этади.

Туризм соҳаси мутахассислари ҳозирда Балига саёҳат қилаётган хорижликлар сони террорчилик актлари содир этилишидан олдинги рақамнинг 70 фоизига тенглигини билдириб, келажакка умид билан қарашаётгани, 2004 йил июлга бориб сайёҳлар сони 2002 йил даражасига етишини башорат қилишади.

Аммо хавфсизлик масалалари бўйича мутахассислар фикрича, “Жамоаи Исломия” ташкилотининг минтақада янги террор ҳужумларини уюштириши муқаррар.
XS
SM
MD
LG