Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:09

Филаделфия шаҳар ҳокими кабинетидан яширин эшитиш мосламалари топилди.


Полициячиларнинг шаҳар ҳокимияти биносини одатдаги текширувдан ўтказаётганда ҳоким хонасидан бир нечта микрофон ва овоз ёзиш мосламасини топиб олгани ҳақидаги хабар филаделфияликларни ларзага солди. Бунинг учун ким масъул экани ҳақида ҳозирча расмий маълумот тарқатилмади. Бироқ маҳаллий газеталарнинг Федерал Қидирув Бюросидаги номи ошкор этилмаган манъбаларга асосланиб ёзишича, демократ ҳоким Жон Стрийт кабинетига яширин эшитиш мосламаларини айнан Федерал Тергов Бюросининг ўзи ўрнатган.

Стрийт пайшанба куни СНН телевидениесига берган интервюсида Федерал Тергов Бюроси ўзига нисбатан бирор тергов жараёни ўтказилмаганини маълум қилганини айтди. Шаҳар ҳокими 25 йиллик сиёсий фаолияти давомида бирон бир ножўя қилмиши учун жиноий текширув объекти бўлганини эслай олмаслигини сўзига қўшимча қилди. Айни пайтда у, яширин эшитиш мосламалари Филаделфия шаҳар ҳокими лавозими учун сайловлар муҳим паллага кирган пайтда топилганига эътибор қаратди.

Стрийтнинг сайловлардаги рақиби, республикачи Сэм Кац яширин эшитиш мосламалари нозик пайтда топилганини тан олди, аммо: “Бу воқеа сайловга 27 кун қолганда юз берди. Менимча, бу сиёсатга алоқадор ва сиёсий сабабга эга. Менимча, бу асоссиз айблов”, - дея ҳодиса атрофидаги шов-шувни босишга уринди.

Икки партиянинг Пенсилваниядаги таниқли арбоблари Федерал Тергов Бюросини воқеа юзасидан баёнот эълон қилишга чақирмоқдалар. Бюро расмийлари, ҳозиргача бу ҳақда лом-мим демади.

АҚШда шаҳар ёки штат раҳбарлари кабинетига яширин эшитиш мосламалари ўрнатилиши ғайриоддий ҳол бўлгани сабабли, бу воқеа муҳим хабарга айланди. Албатта, Оқ Уйнинг Овал Кабинети, яъни, Президент хонасига 1960 – 70 йилларда микрофон ўрнатилгани бор гап. Аммо АҚШ Президентлари буни билган ва микрофонлар айрим суҳбатларни тарихий мақсадларда ёзиб олиш учун ўрнатилган, холос.

Умуман эса, АҚШда тергов мақсадларида яширин эшитиш мосламаларидан фойдаланиш мумкин, аммо фақат тегишли қонуний рухсат билан.

Пол Розензвейг Вашингтонда жойлашган Херитаж Жамғармасининг жиноий масалалар бўйича мутахассиси. Розензвейгнинг айтишича, федерал қонунга мувофиқ хонадон ёки идораларда тинтув ўтказилиши учун ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ҳакам рахсатини олишлари керак. Федерал Тергов Бюроси ходимлари ҳам айни стандартга риоя қилишлари лозим. Улар қасам ичиб, микрофонлар фақат жиноятни очиш учун кераклилиги ҳақида ҳакамга кўрсатма беришлари шарт: “Бу тинтув ўтказиш учун талаб қилинадиган тадбирнинг айни ўзи. Жиноят содир этилди, деган асосда унга ашёвий далил топиш учун тинтув ўтказилади ёки исбот учун овоз ёзиш мосламаси ўрнатилади”, - дейди мутахассис.

Розензвейг, федерал қонунга кўра, гумондор шахс наркотик контрабандачиси ёки катта шаҳар ҳокими бўлишидан қатъий назар, тинтув ўтказиш ёки яширин эшитиш мосламалари ўрнатиш учун айни стандарт қўлланилиши кераклигини айтади: “Назарий жиҳатдан бунинг фарқи йўқ. Қонуний тадбир ким текширилаётганига қараб ўзгармайди. Амалда, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, агар ҳакамнинг ғайриоддий руҳсат устидан, яъни, ҳокимни кузатиш учун ордер бериш сўралса, у бунга кўпроқ аҳамият беради”.

Розензвейгнинг айтишича, тинтув ва яширин эшитиш мосламалари ўрнатиш қатъий чекланганига қисман, Англия бошқаруви остидаги америкаликлар қаҳр-ғазаби сабабчидир. Инглиз қонунига мувофиқ, ўша даврда полиция ва ҳукумат расмийлари ҳибсга олиш ёки тинтув ўтказиш учун “умумий санкциядан” фойдаланганлар.

Розензвейгга кўра, шу сабабли АҚШ Конституциясига Тўртинчи тузатиш киритилган. Мазкур ўзгартиш эса, қонуний тергов-текширув жараёнида жиноят содир этганликда айбланаётган шахс ҳуқуқларининг суд, прокурор ва адвокатлар томонидан ҳимоя қилинишини кафолатланган.
XS
SM
MD
LG