Линклар

Суд порахўр милиционерлар устидан ҳукм чиқарди


Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича суди гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслардан пора олишда айбланган беш нафар милиция ходимини турли муддатларга озодликдан маҳрум этди.

Милиционерлар гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий ишини ёпиш учун улардан бир миллион сўм пора талаб қилган. Улар ушбу суммадаги пулни олаётганида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган ва жорий йилнинг май ойидан буён эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаб турилган эди.

Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари орасида Урганч шаҳар ички ишлар бўлимида ишлаган мансабдор шахслар бор. Масалан, Мадиёр Исмоилов шаҳар ички ишлар бўлими тергов бўлимида бўлинма бошлиғи лавозимида ишлаган. Улуғбек Қурбонов эса жиноят қидирув бўлинмаси бошлиғи эди.

Айблов хулосасига кўра, берилган поранинг 500 минг сўмини Мадиёр Исмоилов ўзлаштирган. Қолган пул эса гуруҳнинг бошқа аъзолари ўртасида тақсимланган.

Судья Гурчеҳра Қулимова раислигидаги суд ҳайъати М.Исмоиловни 11 йилга, У.Қурбоновни 8 йилга, собиқ тезкор ходимлар Р.Худойберганов, О.Ниёзматов ва Й.Салаевни эса 7 йилдан қамоқ жазосига ҳукм этди.

Суд ҳайъати милиционерларга пора берган, гиёҳванд моддалар билан савдо қилган шахслар устидан ҳам ҳукм чиқарди. Муқаддам судланган Бозорбой Каримов ва муқаддам судланган Жуманазар Йўлдошевнинг ҳар бири 12 йилга озодликдан маҳрум этилди.
XS
SM
MD
LG