Линклар

“ТУРКМАНОБОД”ГА АЙЛАНГАН ТУРКМАНИСТОН

  • Сарвар Усмон

Гап Туркманистоннинг давлат тили - туркман тили ва унинг баробарида туркман миллий қадриятларининг ривожи ҳақида борар экан, бу мамлакатни кейинги йилларда битта миллат мамлакати - чинакамига "Туркманобод"га айланиб улгурди, деса бўлади.

Ўрта мактабларда (тўғрироғи, тўлиқсиз ўрта мактабларда, Туркманистонда шу кунда мажбурий таълим 9 йилликдир) ўқувчилар миллатидан қатъи назар туркман миллий кийимини киядилар. Мамлакатда фақат битта газета рус тилида чиқади. Қолган нашрларнинг ҳаммаси давлат тилида.

Қизиғи шундаки, давлат тили тўғрисидаги қонун талаблари оғишмай ижро этилаётган бу мамлакатда, ўша қонун минтақа мамлакатлари орасида энг кейин қабул қилинган. Туркманистоннинг қўшнилари давлат тили тўғрисидаги қонунни ўтган аср 80-инчи йилларининг охирларида қабул қилган бўлсалар, Туркманистонда бу қонун СССР тарқаб кетганидан сўнг қабул қилинди.

Аслида, иттифоқнинг бошқа республикларида бўлгани каби Туркманистонда ҳам қайта қуриш йилларида демократик ҳаракат аъзолари туб миллат тилига давлат тили мақоми беришни талаб қилиб чиққан, ўша ҳаракатлардан бири Оғзибирлик ҳаракати эди.

Бироқ, ўша пайтдаги Туркманистон Компартияси биринчи котиби Сапармурод Ниёзов бу талабларни инобатга олмади ва охир-оқибат Совет Иттифоқи тарқаб кетгачгина қонун қабул қилинди.

Шундан сўнг бутун мамлакат давлат тилига кўчди. Президент Девонию вазирликлар, турли-туман катта-кичик идоралар барча иш қоғозларини туркман тилида юритадиган бўлдилар.

2000 йилнинг 1 январидан бошлаб, туркман алифбоси лотин ёзувига кўчирилди. Ва Сапармурод Туркманбоши "ким туркман тилини билмаса, ким янги туркман алифбосида ўқимаса, ёзмаса, унга иш йўқ деди",- дейди туркман журналисти Рўзиназар Худайбердиев. Натижада республикадан туркман бўлмаганларнинг аксарияти кўчиб кетишга мажбур бўлди. Туркман бўлмаганларга давлат тилини ўргатиш бўйича давлат дастури йўқ, ҳар ким ўз ёғига қоврилиб ётибди.

Бироқ, энг қизиғи шундаки, деб давом этади суҳбатдошимиз, президент Ниёзовнинг чиқишлари аввал республикадаги ягона русча газета "Нейтралний Туркменистан"да босилади ва шундан сўнггина турман тилидаги газеталарда таржимаси босилади.

Миллат бутун ишларини ўз тилида юрита бошлагани яхши, албатта, бироқ, жаҳон маданиятига интерграциялашув учун бошқа тилларни ҳам билиш зарур, бу соҳадаги ишлар қандай, деб сўрайман суҳбатдошимдан.

- Мактаб программасидан инглиз тили олиб ташланган, бир соат ҳам ўқитилмайди, рус тили эса, ҳафтасига бир-икки соат холос. Қолган вақтда мактаб болалари Сапармурод Туркманбошининг "Руҳнома"сини ўрганиш билан банд, - дейди суҳбатдошимиз.

Шу ўринда Гамбургда яшаб ижод қилаётган туркман тилшуноси Ўраз Парвишнинг фикрларини ҳам келтириб ўтмоқчиман. Озодлик мухбирига берган интервюсида Ўраз Парвиш совет даврида туркман тилининг ривожланишига етарли шароит яратилмади, бироқ, шунга қарамай, ички имкониятлари кенглиги туфайли у ҳозирги замон талабларига жавоб бера оладиган тилдир, дейди.

- Агар тилнинг бирон бир камчилиги бўлса, бунга тил эмас, ўзимиз айбдормиз, дейди ғарблик туркманшунос мутахассис Ўраз Парвиш.

Кейинги пайтларда турли манбалардан олинган маълумотларга қараганда, Туркманистондаги ўзбек мактаблари ёпиб қўйилди, бу мактаблар ўқувчилари мажбуран туркман тилида ўқитилмоқда.
Суҳбатдошимиз бу гапларда жон борлигини тасдиқлади:

- Жон шундаки, туркманистонлик ўзбекларнинг фарзандлари ўқишни ўзбек тилида бошлайдилар, бироқ она тилида тўртинчи синфга қадар ўқийдилар, холос. Сўнгра туркман тилига ўтиб кетадилар. Мактабни туркман тилида битирадилар, - дейди журналист Назар Худайбердиев.
XS
SM
MD
LG