Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

Бағдод яна бомба овозидан ларзага келди


Олти киши ўлимига сабаб бўлган якшанба кунги мудҳиш портлаш куппа-кундузи содир этилди. Воқеа шоҳиди бўлганларнинг айтишларича, қандайдир номаълум шахс "Toyota Corolla" русумли автомашинада катта тезлик билан "Бағдод" меҳмонхонаси томон яқинлашган. Машина ҳайдовчиси тўхташ ҳақидаги буйруққа бўйсунмаганидан сўнг, меҳмонхона қўриқчилари унга қарата ўқ узган. Шундан сўнг машина АҚШ Давлат департаменти расмийлари ва Ироқ Бошқарув Кенгаши айрим аъзолари жойлашган меҳмонхонадан 70-80 метр узоқликда портлаган.

Портлаш кўлами шу қадар катта бўлганки, унинг оқибатида бир ярим километр радиусда жойлашган биноларнинг ойналари чил-чил бўлган. АҚШнинг Ироқдаги биринчи бронетанк дивизияси вакили лейтенант Питер Мансурнинг Озодлик мухбирига айтишича, бир Америка аскари портлаш натижасида енгил жароҳат олган.

- Билишимизча портлашдан талафот кўрганларнинг бари маҳаллий фуқаролар бўлган. Фақат бир Америка ҳарбийси енгил жароҳат олган. Меҳмонхона ҳам, унинг ичидаги одамларга ҳам портлаш оқибатида шикаст етмагани бизга маълум, - дейди Питер Мансур.

Якшанба кунги портлаш Ироқда сўнгги икки ой ичида содир этилган жами портлашларнинг еттинчиси бўлди. 7 август куни Бағдоддаги Иордания элчихонаси олдида содир этилган портлаш 19 киши ҳаётини олиб кетган бўлса, икки-уч ҳафта ўтиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ваколатхонасига қилинган ҳужум оқибатида 22 киши, жумладан БМТнинг Ироқдаги бош намоёндаси Сержио Виера де Мелло ҳалок бўлди. 29 август куни эса Нажаф шаҳрида Ироқ шиалари етакчиларидан бири ва яна 85 киши мудҳиш теракт қурбони бўлди.

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, америкаликлардан кўра кўпроқ маҳаллий аҳоли террор амалиётларидан жабр кўрмоқда. Бир ой олдин Ироқ Бошқарув Кенгаши аъзоси Оқила ал-Ҳошимий ўқ отар қуролдан яраланиб, кейинчалик оламдан ўтган бўлса, якшанба кунги портлашдан Бошқарув Кенгашининг яна бир аъзоси Муваффақ ал-Рубои жароҳат олди. "Биз террорчиликка қарши урушни бошдан кечиряпмиз. Ироқ халқи терроризмга қарши урушга кирган. Кимдир террорчиликни қаршилик ҳаракати дея талқин этаётган бўлса, бу нотўғри. Террор ҳужумлари коалиция кучларига қарши йўналган дегувчиларнинг ҳам гаплари ҳато. Бу ҳужумлар Ироқ халқи манфаатига қарши қаратилгандир", - таъкидлайди Муваффақ ал-Рубои.

Ҳозирча, "Бағдод" меҳмонхонаси яқинида содир этилган портлаш сабаблари ва унинг ким томонидан амалга оширилгани ноаниқ. Бироқ кузатувчилар фикрича, меҳмонхонада жойлашган АҚШ Марказий Разведка Бошқармасининг Ироқдаги базаси ҳамда Ироқ Бошқарув Кенгашининг айрим аъзолари ҳужум учун асосий нишон бўлган. Америка томони эса "Бағдод" меҳмонхонасида АҚШ разведка хизмати вакиллари жойлашган деган хабарни рад этмоқда.

Ироқ полицияси раҳбари Аҳмад Иброҳим портлаш сабаблари ҳақида журналистлар билан ўз фикрларини ўртоқлашар экан, Ироқда тобора авж олаётган террор ҳужумлари ортида Америка аскарларининг Ироқдан чиқиб кетишлари борасидаги талаб ётса керак, деган тахминни олға суради. Ҳақиқатан, бунинг ортида ўзига хос мантиқ борга ўхшайди. Чунки, америкаликлар Вьетнамдан, кейинчалик Ливан ва Сомалидан тинимсиз террор ҳужумлари натижасида чиқиб кетишган эди. Бироқ, Қўшма Штатлар ҳозирча Ироқдан чиқиб кетишни ҳаёлига ҳам келтирмаяпти. Шунга қарамай, олиб борилган сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, Ироқдаги вазиятдан бутун Америка аҳли жумбушга туша бошлаган. Бу эса бўлажак сайловларда Жорж Буш ва унинг маъмуриятига жиддий панд бериши мумкин, дейишмоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG