Линклар

Андижон ёшлар телерадиокомпанияси таназзулга юз тутмоқда


Турғунбек Андижон ёшлар телерадиокомпанияси (ЁТРК) ижодий ходимлари ўз аризаларига кўра ишдан бўшаб кетаётир. ЁТРК уларга маош тўлай олмай қолди.

Давлат тасарруфида бўлмаган ушбу телерадиокомпанияда шу вақтга қадар ўндан ортиқ ижодий ходим – профессионал журналист фаолият олиб борган. Яқинда ишдан бўшаган журналист Феруза Орипованинг айтишича, бугунги кунга келиб ЁТРКда бирорта ҳам журналист қолмади. Унинг сўзларига қараганда, ижодий ходимлар бор-йўғи етти минг сўм (7 АҚШ долларига яқин) маош олиб ишлаган. Улар, асосан, ўзлари рекламадан туширган маблағдан фоиз олиш эвазига кун кечириб келган.

ЁТРК ташкил этилгандан буён Бош муҳаррир, муҳаррир лавозимида ишлаб келган Раҳимжон Бўрибоевнинг айтишича, бугунги кунда телерадиокомпания раҳбарларини кўрсатувларнинг мазмун ва сифати эмас, балки фақат ва фақат молиявий жиҳати қизиқтиради. Бир вақтлар эфирга узатилган муаллифлик кўрсатувлари ҳам айни шу сабаблар боис тайёрланилмаётир.

ЁТРК Бош директори Комилжон Парпиев журналистларнинг ишдан бўшаб кетаётганини изоҳлар экан, телерадиокомпания уларга етти минг сўм миқдоридаги ойлик маошни тўлашга қурби етмай қолганини таъкидлайди.

Маълумотларга қараганда, бундан икки йил аввал ҳам ЁТРКда журналистларнинг оммавий равишда ишдан бўшаб кетиши кузатилган. Ўшанда ҳам ижодий ходимларга маош тўламаслик муаммоси бунга сабаб бўлган эди.
XS
SM
MD
LG