Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:57

Фермернинг пулига ким хўжайин?


Ўзбекистонда шартномадаги мажбуриятларини бажара олмаётгани сабабли ўз ерларини давлатга қайтаришга мажбур бўлаётган деҳқон-фермер хўжаликлари сони ортиб бормоқда.

Сўнгги вақтларда мамлакатда фермер хўжаликлари фаолиятига тўсиқлар тобора кўпаймоқда. Мустақил кузатувчиларнинг фикрича, ана шундай тўсиқлардан бири фермер хўжаликларининг банклардан ўзларига тегишли пулни олишдаги қийинчиликлардир. Ўзбекистон қонунчилигида деҳқон-фермер хўжаликлари бир неча йил кетма-кет шартномани бажармаса, уларнинг ерлари қайтариб олиниши кўзда тутилган. Пул олишдаги муаммолар сабаб, кўплаб деҳқон ва фермерлар ўз мажбуриятларини бажара олмаяпти ва еридан ажраяпти.

Қизиғи шундаки, фермерлардан ерни олиб қўйиш мавжуд қонунларга кўра суд орқали эмас, балки ҳокимликлар буйруғи орқали амалга оширилмоқда.

Банклардан пул олиш муаммоси фермерларни ўз ишчилари олдида қийин вазиятга солиб қўйяпти. Чунки улар ишчиларга ҳақ тўлай олмаётир.

«Тадбиркорбанк»нинг туман бўлимларидан бирида ишловчи Шоҳиста Ҳакимованинг сўзларига қараганда, фермерлар ўз пулига ўзи эгалик қила олмайди. Уларнинг ҳисоб-китоб ишларини ҳокимликлар бошқаради. Фақат хўжалик судлари ёки адлия бошқармаларига мурожаат қилгандан сўнггина айрим фермерлар зўрға ҳақларини ундириб олади.

Аграрлар ва тадбиркорлар партияси раиси биринчи ўринбосари Абдуқодир Назаровнинг фикрича, мутасадди раҳбарлар фермерлик ҳаракатининг ривожига сунъий тўсиқлар яратмоқда. Бунинг сабабларидан бири шундаки, дейди А.Назаров, фермердан ер тортиб олингандан сўнг уни бошқа шахсга сотиш имкони бор ва раҳбарлар бундан катта шахсий манфаат кўради.

А.Назаровнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда деҳқончилик халқнинг тирикчилиги ўтиши мумкин бўлган ягона соҳага айланиб қолди. Шу боис, мутасаддилар соҳа ривожига турли сунъий тўсиқлар яратиб, порага йўл очмоқда.
XS
SM
MD
LG