Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:31

Ўзбек чегарачилари Ўзбекистон фуқароларини отиб ўлдирди


Турғунбек Андижон вилояти Марҳамат туманидаги Охунбобоев номли ширкат хўжалиги ҳудудида чегарачилар тўрт фуқарони ўққа тутди. Натижада улардан икки нафари ҳалок бўлди, иккиси эса жароҳатланди.

Хабарларга қараганда, воқеа 10 октябрь куни кеч соат йигирмаларда содир бўлган. Тўрт фуқаро мотоциклда кетаётганида чегарачилар уларга қарата ўқ узган. Фуқаролардан бири Икромжон Анорқулов воқеа жойидаёқ ҳалок бўлган. Муҳаммадумар Тоировнинг эса касалхонага олиб борилганда жони узилган.

Мотоциклда бўлган шахслардан бири Самад Тоиров ўнг елкасидан жароҳат олган бўлиб, айни пайтда Марҳамат тумани шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанмоқда.

Воқеанинг яна бир иштирокчиси - Қирғизистон фуқароси Азизбек Абдурасуловнинг оёғига икки ўқ теккан. Ҳозир у қўшни республика касалхоналаридан бирига ётқизилган.

Чегарачиларнинг огоҳлантиришсиз ўқ узганини воқеа иштирокчиси Самад Тоиров тасдиқлади. С.Тоировнинг таъкидлашича, улар бу вақтда меҳмондан қайтаётган экан.

Аҳаджоннинг сўзларига қараганда, жанговар ўқлардан бири акасининг кўкрагини, қолганлари эса елкаси ва бўйнини тешиб ўтган. Марҳум Икром Анорқуловга эса 6 та ўқ теккан.

Айрим маълумотларга қараганда, бу фуқаролар Қирғизистонга контрабанда йўли билан пахта олиб ўтаётганида чегарачилар томонидан ўққа тутилган. Бироқ Аҳаджон Тоиров бу хабарни рад этади.

«Агар мотоциклда пахта бўлганида унга тўртта одам сиғмаслиги аниқ эди, - дейди у. - Бундан ташқари, воқеа жойига прокуратура ва милиция ходимлари етиб келганида, мотоциклда пахта бўлмаган».

Айни пайтда ушбу воқеа юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG