Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:20

Бушеҳр атом станциясининг ишга туширилиши 2006 йилга қадар қолдирилди


Россия ҳукумати Эроннинг Бушеҳр атом электр станциясининг ишга туширилишини 2006 йилга қадар қолдиришга қарор қилди. Россия Атом Энергетика Вазирлигидагиларнинг Ройтер ахборот агентилиги мухбирига маълум қилишларича, бунга айрим "техник сабаб"лар туртки бўлган. Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги мулозими Александр Яковенко эса бу қарор Эрон билан ҳамкорлик тўхтаганини англатмайди, деб таъкидлади. Россия дипломатига кўра, Москва ва Теҳрон ўртасидаги бу соҳада ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этади, чунки бу ҳамкорликнинг Атом Энергияси бўйича Халқаро Агентлик талабларига зид жиҳати йўқ.

Маълумки, Америка Қўшма Штатлари Эронни бир неча бор ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблаган ва Россияни Теҳрон билан ядровий соҳада ҳамкорлик қилмасликка чақирган. Ўз навбатида Теҳрон 2004 йили ишга туширилиши режалаштирилаётган Бушеҳр Атом станцияси мамлакат аҳолисини электр энергияси билан таъминлаш учун амалга оширилаётганини ва ушбу лойиҳа ортида фақат тинч мақсадлар ётишини қайта-қайта таъкидлаб келган.

Шунга қарамай Теҳроннинг бу каби иддаолари Вашингтон расмийларида шубҳа уйғотмоқда. Улар Эрон аҳолининг электр энергиясига эхтиёжини қондириш учун Теҳрон атом электр станциясини қуриши шарт эмас, чунки малакатнинг газ ва нефт заҳиралари бунга етиб ортади, дея даъво қилмоқдалар.

Бироқ, айрим эронлик мутахассислар Теҳрон ҳукуматининг Атом станцияси қуриш режаси етмишинчи йилларга, яъни Ислом инқилобидан олдинги даврга бориб тақалишини эсга солмоқда. АҚШда чиқадиган "Интернешнл Хералд Трибюн" газетасининг ёзишича, етмишинчи йиллар ўрталарида Эрон шохи Ризо Паҳлави Германия, Франция ва АҚШдан электр энергияси ишлаб чиқаришга мослаштирилган ядровий реакторларни сотиб олиш режасини тасдиқлаган. Газетада келтирилган маълумотларга кўра, ҳақиқатан ўша даврда Эронда қўшимча электр манбааларига жиддий зарурат бўлган.

Стэнфорд Университетидаги Тадқиқотлар Маркази хулосаси шуни кўрсатмоқдаки, 1990 йилга қадар Эроннинг электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятлари 20 минг мегаваттни ташкил этган. "Интернешнл Хералд Трибюн" газетасининг ёзишича, агар Эронда аҳолининг ўсиш сурати ҳозирги кунда 6 – 8 фоизга ўсгани ва 2025 йилга бориб мамлакат аҳолиси сони 100 миллионга етиши таҳмин қилинаётгани инобатга олинса, Эрон газ ва нефт ҳисобига халқини электр энергияси билан таъминлай олмайдиган даражага тушиб қолиши мумкинлиги равшан кўринади.

"Америка Қўшма Штатлари ва унинг ғарбдаги иттифоқчилари Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаришга уринаётганликда айблашдан олдин, мамлакатнинг қўшимча электр энергияси манбааларини излашга қонуний ҳаққи борлигини ҳам инобатга олсалар яҳши бўлар эди", дея ёзади Лос Анжелесдаги Жанубий Калифорния Университети профессори Муҳаммад Саҳими "Интернешнл Хералд Трибюн" газетасида босилган мақоласида.

Айтиш жоизки, Атом Энерегияси бўйича Халқаро Агентлик талабига мувофиқ Эрон ҳукумати 31 октябрга қадар ядровий дастури фақат тинч мақсадларда ишлаб чиқилганини халқаро ҳамжамиятга исботлаши керак. Яқин кунлар ичида Агентлик раҳбари Муҳаммад Эл-Барадейнинг Эронга бориши ва инспекция масаласида Теҳрон расмийлари билан музокара олиб бориши кутилмоқда. Эл-Барадей масалага тўхталиб, шундай деди.

"Умид қиламанки, Эрон расмийлари мамлакат ядровий дастури шаффофлигини таъминлаш улар ўзлари учун фойда келтиришини тушуниб етадилар. Бу қанча тез амалга ошса, шунча яҳши. Теҳроннинг халқаро ҳамжамият кўмагини қозониши ҳам шунга боғлиқ", - деди Атом Энерегияси бўйича Халқаро Агентлик раҳбари Муҳаммад эл-Барадей.

Айни пайтда, Россия ҳам Эроннинг Халқаро агентлик талабига бўйсуниб, нияти ядровий қурол ишлаб чиқармаслик эканини халқаро ҳамжамиятга исботлаб беришини хоҳлашини билдирмоқда. Яқинда Москва расмийлари агар Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқишга уринишлари исботланса, Россиянинг Бушеҳр Атом Станцияси қурилишига ёрдами тўхтатилишини маълум қилган эдилар. Шу билан бирга, Москванинг Бушеҳр станцияси ишга туширилишини 2006 йилга қадар кечиктириш қарори Эрон атрофидаги сиёсий вазият билан боғлиқ эмас, бунга айрим ускуналар етказилиши кечиккани сабаб бўлган, дейишмоқда Россия расмийлари.
XS
SM
MD
LG