Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Ўзбекистон ҳукумати пахта контрабандасига қарши курашни янада кучайтирмоқда


Ориф Ҳошимов 14 октябрь куни матбуотда Вазирлар Маҳкамасининг «2003 йил пахта хомашёсини сақлашни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Ушбу қарорнинг эълон қилиниши Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистон билан чегара ҳудудда рўй берган воқеа юзасидан баёноти тарқатилган вақтга тўғри келгани билан эътиборни тортади.

Баёнотда 10 октябрь куни Андижон вилоятининг «Марҳамат» чегара участкасида чегарачилар «Урал» русумли мотоциклларда айланма йўллар орқали Қирғизистон Республикасига пахта хомашёсини олиб ўтишга уринган 6-7 кишидан иборат гуруҳни тўхтатиш учун қурол қўллашга мажбур бўлгани айтилади. Ушбу тўқнашувда Ўзбекистоннинг икки фуқароси ҳалок бўлган, икки нафар ҳарбий жароҳатланган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг бир нафардан фуқароси ҳам яраланган.

Янги қарор муқаддимасида кейинги пайтда пахта хомашёсини талон-тарож қилиш ҳоллари кўпайгани қайд этилиб, бундай ҳолатларни бартараф этиш бўйича йўл-йўриқлар берилган. Жумладан, ҳужжатда вилоят ва туман ҳокимлари пахта хомашёсининг ўғирланиши, талон-тарож қилиниши ва республика ташқарисига олиб чиқиб кетилиши ҳолатлари юзасидан шахсан жавобгарлиги кўрсатиб ўтилган. Бундай қонунбузилишлар содир этилганда жиноятчилар билан бирга мансабдор шахслар ҳам жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Маълумотларга қараганда, пахта контрабандаси, асосан, Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегарадош ҳудудларда авж олган. Бунинг сабаби қўшни мамлакатларда ҳар килограмм пахта 350-400 сўмдан харид қилинаётганидадир. Ўзбекистонда эса 1 кг пахта хомашёсига 195 сўм тўланади.

Мустақил кузатувчи Пирмуҳаммад Саломов пахта контрабандасининг кучайишига асосий сабабни пахтани харид қилишда давлат монополиясининг сақланиб қолишида кўради. Унинг айтишича, давлат пахтага тўлаётган пул фермер ва ширкат хўжаликлари ўғит, ёқилғи, транспорт хизмати учун қилаётган харажатларини қоплашга зўрға етиши мумкин.

П.Саломовнинг фикрича, пахтанинг талон-тарож қилинишига яна бир сабаб халқнинг қашшоқлашиб кетганидир. Агар деҳқон 50 кг пахтани қўшни давлатга ўтказиб сотса, қўлига нақд 20 минг сўм тушади. Бу эса қишлоқда жуда катта пул.

П.Саломов пахта контрабандасида деҳқонлардан ташқари фермерлар, ширкатлар раҳбарлари ва олибсотарларнинг иштироки катта эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, деҳқон килограммлаб ўғирласа, кейингиларии тонналаб сотади.

Қарорда пахтани талон-тарож қилиш ҳолати содир этилганда мансабдор шахслар ҳам маъмурий жазо – жаримага тортилиши белгиланган. Бу эса ўз ўзидан амалдорлар томонидан пахта ўғирлаш ҳолатларини яширишга интилишни келтириб чиқаради.

П.Саломов пахта ўғирланишининг олдини олиш учун маъмурий чоралар етарли эмаслигини таъкидлайди. Унинг фикрича, муаммони ечиш учун иқтисодий чоралардан фойдаланиш керак. Давлат монополияси мавжуд бўлган ҳозирги вақтда пахта хомашёси учун ҳақиқий бозор нархида, яъни тоннасига 350-400 доллар тўланиши зарур. Кейинчалик эса монополия бекор қилиниб, қишлок хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга тўла эркинлик бериши мақсадга мувофиқ бўлади.
XS
SM
MD
LG