Линклар

AMNESTY INTERNATIONAL ЎГАЙЛАНИБ ҚОЛГАНЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛМОҚДА

  • Сарвар Усмон

Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, собиқ империя ҳудудларидан кенг миқёсли кўчиш жараёни бошланди. Баъзи халқлар эса, турли сабабларга кўра, 80-йилларнинг охирларидаёқ, юрт алмаштиришга мажбур бўлган. Масалан, месхети турклари. Улар Ўзбекистондан Россиянинг Краснодар ўлкасига 1989 йили кўчиб бориб қолган. Amnesty International ташкилоти маълумотларига кўра, уларга ҳалигача фуқаролик мақоми берилмаяпти. Бундай аҳволга тушиб қолганлар Россияда месхети туркларигина эмас.

Amnesty International куни кеча Россия Президентига йўллаган мурожаатномасида мана шу муаммога эътибор қаратган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Amnesty International ташкилоти Россия Президенти Владимир Путинни Россия ҳудудида истиқомат қилаётган минглаб собиқ совет республикалари фуқаролари муаммоларини ҳал қилишга даъват этди.

Россия раҳбарига жўнатилган мурожаатномага 16 минг нафардан зиёд кишининг имзоси илова қилинган.

Бу ҳақда Amnesty International ташкилотининг Россиядаги Ресурс Маркази директори Сергей Никитин хабар берди.

Ҳужжатда Россия ҳудудида собиқ совет республикаларининг ўн минглаб фуқароси расман қонундан ташқари ҳолатда истиқомат қилишга мажбур бўлаётгани, уларга на фуқаролик мақоми ва на мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқи берилаётгани уқдирилади.

Аmnesty International бу фуқароларнинг аҳволи 2003 йилнинг 31 декабридан кейин янада оғирлашиб кетиши мумкинлигидан ташвиш билдирган. Чунки айни шу санага бориб, собиқ совет паспортларидан фойдаланиш муддати батамом тугайди.

Россия Президенти номига битилган мурожаатномага илова қилиш учун йиғилган имзо варқаларининг энг сўнггилари саккизта сувқоғоз халтага жой бўлди ва халталар Москванинг марказий ҳиёбонларидан бирига кўпчилик кўрсин учун уюб қўйилди. Мазкур акция оммавий ахборот воситаларининг диққатини ўзига жалб этди.

Имзо варақалари солинган халталар Президент маъмурияти вакилларига топширилди. Улар юкни Президентга етказишга ваъда бердилар.

Тилга олинган мурожаатнома ва унга илова қилинган имзо варақаларини Кремлга топшириш Amnesty International томонидан Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйлаб уюштирилган 100 кунлик автобус сафари якунига етган кунга тўғри келди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тушган автобус сафар давомида 10 минг километрдан ортиқ йўл босиб, Европанинг 14 мамлакати чегарасини кесиб ўтди ва сафарнинг бир қисми Россия Федерацияси ҳудуди бўйлаб давом этди. Amnesty International вакиллари сафар йўналишидаги шаҳар ва қишлоқларда тўхтаб маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, оддий аҳоли билан суҳбатлашди, уларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётганлигини ўрганди.

Кези келганда шуни ҳам айтиб қўйиш лозимки, Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилаётган собиқ совет республикалари фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлашни Amnesty International шу йил бошида эълон қилган ҳисоботида ҳам кун тартибига чиқарган эди.

Чунки Россия Федерациясида доимий қайддан ўтказиш тўғрисида қонун бўлишига қарамай, мамлакатнинг баъзи ҳудудларида муайян гуруҳ вакиллари қайддан ўтказилмай келади.

1944 йили йили Грузиянинг Месхетиясидан Ўзбекистонга кўчирилган ва 1989 йилги воқеалардан сўнг Краснодар ўлкасига бориб қолган месхети турклари ўшалар жумласидандир. Amnesty Internationalнинг Россия Ресурс Маркази директори Сергей Никитин Озодлик радиосига берган интервюсида маҳаллий ҳокимиятлар аксари ҳолларда Федерал қонунларни бузмоқдалар, месхети туркларига нисбатан қилинаётган муомала фикримизга далил бўла олади дейди.

Сергей Никитиннинг фикрича, маҳаллий ҳокимиятларнинг айби билан Россия ҳудудида қонундан ташқари ҳолатда истиқомат қилишга мажбур бўлаётганлар месхети туркларигина эмас.

Amnesty Internationalнинг маълумотларига кўра, Озарбайжон ва Арманистондан келган курдлар муаммоси ҳам ҳалигача ҳал қилинмаган,

дейди Озодлик радиосига берган интервюсида ташкилотнинг Россия Ресурс Маркази директори Сергей Никитин.

Хўш, аслида ҳуқуқлари Amnesty International томонидан ҳимоя қилинаётган гуруҳлар, хусусан, месхети туркларининг Россия фуқаролигини олишга ҳақлари борми?

Сергей Никитин бу саволга жавоб берар экан, маҳаллий ҳукуматлар ўзлари назорат қилаётган ҳудудда яшаши учун киши доимий қайддан ва пропискадан ўтиши керак, деб ҳисоблайдилар, бундай талаб эса, халқаро меъёрларга зиддир, дейди.

Месхети турклари Россия фуқаролиги тўғрисидаги нафақат сўнгги қонун, балки энг биринчи қонун чиққунига қадар, яъни 1989 йили кўчиб келганлар, шунинг учун улар бу мамлакат фуқаролигини олишга ҳақлидирлар, деди Amnesty International вакили Сергей Никитин.

Россия Ички Ишлар вазири Гризловнинг баёнотига қараганда, шу кунда Россия фуқароларининг қарийб 98 фоизи паспорт олиб бўлган.
XS
SM
MD
LG