Линклар

logo-print

Ислом Конференцияси Ташкилотининг Малайзия саммити


А. Арол Ислом Конференцияси Ташкилотига аъзо давлатлар расмийларининг сешанба кунги йиғилишида Ироқ келажаги хусусидаги БМТ янги резолюцияси лойиҳаси муҳокама этилди ва учрашув иштирокчилари ҳужжатга ижобий муносабат билдиришди.

Малайзия Ташқи Ишлар Вазири Саид Ҳамид Албарнинг айтишича, энг муҳими резолюцияда бир қатор муҳим тадбирлар ўтказишнинг аниқ муддати белгилаб берилган. Хусусан резолюцияда ироқликларга янги конституция ҳозирлаш ва сайловлар ўтказишни режалаштириш учун 15 декабрга қадар вақт бериш кўзда тутилади.

Саид Ҳамидга кўра, БМТ Ироқда марказий рол ўйнаши керак, акс ҳолда у ердаги муаммолар анча давом этиши мумкин.

"Бугун Ироқда хорижий оккупация кучлар ўрнатилгани ҳамда Муваққат Бошқарув Кенгашнинг мавжудлиги ҳақиқатдир. Лекин, хорижий оккупация кучларини ироқликларнинг талабига биноан иложи борича тезроқ мамлакатдан чиқариш керак", - деди Ислом Конференцияси Ташкилоти йиғилишининг очилишида Малайзия Ташқи Ишлар вазири.

Иордания делегацияси бошлиғи Муса Брайзатнинг мухбирларга айтишича, агарда ироқликлар суверенитетини қайта тиклаш соҳасидаги ҳаракатлар жиддий ва изчил бўлса, бу ҳам ироқликлар ҳамда минтақадаги мусулмон давлатлари учун фойдали бўлиши мумкин.

Яқин Шарқдаги вазият ҳақида мулоҳаза юритган Ислом Конференцияси Ташкилоти Бош Котиби Абдилавҳид Белезиз Исроил ҳукуматини айблаб,
"Фаластинда вазият Исроил ҳукуматининг қайсарлиги туфайли кундан кунга кескинлашиб бормоқда",- деб баëн қилди.

Ислом Конференцияси Ташкилоти томонидан эълон қилинган резолюция лойиҳасида ҳам Исроилнинг Дамашқ яқинида амалга оширган ҳаво ҳужумларидан кейин Сурия ўзини-ўзи ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги таъкидланади.

Бироқ Исроил 4 октябрда Ҳайфа шаҳрида 19 кишининг ўлимига сабаб бўлган фаластинлик худкушнинг ҳужуми учун маъсулиятни ўз зиммасига олган Исломий Жиҳод гуруҳининг Суриядаги ҳарбий базасини нишонга олганини таъкидламоқда.

Ислом Конференцияси Ташкилотининг бу йилги саммити 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган ҳужумлардан буëн мусулмон давлатлар лидерларнинг энг катта йиғилишидир.

Унда БМТ Бош Котиби Кофи Аннаннинг иштирок этиши ҳам кутилмоқда. Аннан чоршанба куни саммит доирасида тадбиркорлар форумини ташкил этишни ҳам режалаштирган.
XS
SM
MD
LG