Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:26

Франциялик ўқувчилар дарсга ҳижобда келганликлари учун ўқишдан ҳайдалдилар


18 яшар Лила ва 16 яшар Алма исмли парижлик ўқувчи қизлар ҳижобда дарсга келганликлари ва мактабда уни ечиб юришдан бош тортганликлари учун яқинда ўқишдан ҳайдалдилар. Мактаб раҳбарияти икки муслима қиз умумий кийиниш қоидаларига риоя этмагани ва мактабда яққол кўзга ташланувчи дин элементларини намоён этганликлари учун уларни талабалар сафидан чиқаришга қарор қилган.

Мактаб раҳбарларидан бири Реми Дулкуин Фран пресс мухбири билан суҳбатда ўқишдан ҳайдалган икки қизни "жангари"лар дея таърифлар экан, уларнинг синфхонада бундай кийимда ўтиришлари ўқув жараёнига салбий таъсир қилиши ва мактабдаги мувозанатга хавф солиши мумкинлигини айтади.

Бироқ, Лила ва унинг синглиси Алма Ислом ақидаларини бошқаларга кўз-кўз қилиш учун эмас, балки авратларини номаҳрамлардан яшириш учун ҳижоб кийганликларини таъкидлашади. Асли атеист, қолаверса яҳудий бўлган уларнинг отаси эса мактаб раҳбарияти қарорини "маорифдаги ирқчилик" дея таърифлади ва қизлари ҳуқуқларини маҳкама орқали ҳимоя қилажагини маълум қилди.

Қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари лигаси президенти Мишел Тубиана бўлиб ўтган воқеани дунёвий ва динлараро мулоқотнинг мағлубияти дея таърифлайди.

"Бу қизлар, энг муҳими, дарсларга мунтазам қатнашиб келганлар. Қолаверса, улар бошқаларнинг ҳижобдан жирканишларига қарамай, ўз эътиқодларига содиқ қолиб, эмин-эркин дарсга келганлар. Менимча бу қизларни мактабдан ҳайдаганлар фақат динни очиқ тарғиб қилиш мактабларда ман этилишини эсларидан чиқарган бўлсалар керак", - дейди Тубиана.

Муслима аёллар камтарлик белгиси сифатида киядиган ҳижоб Франциянинг катта шаҳарларида ёш қизлар орасида оммалашиб бораётгани кўпларни таажублантираётган кўринади. Ирқчиликка қарши ҳаракат деб аталувчи ташкилот раҳбари Моулуд Аунит мактаб ўқувчиларининг рўмол ўраганликлари учун ўқишдан ҳайдалиши Францияда "Исламофобия", яъни Исломдан қўрқиш кайфиятлари урчиётганидан далолат эканини айтади.

Маълумки, Франция узоқ йиллардан бери дин давлатдан айри бўлиши керак деган дунёвий ғояларга содиқ қолиб келмоқда. Айни ғоя давлат мактаблари ҳар қандай дин элементларидан холи бўлиши кераклигини ҳам назарда тутади. Париждаги ирқчиликка қарши курашувчи яна бир ташкилот вакили Ришар Сереро бундай дунёвийлик ғоялари тўғри танланган йўл эканини гапиради.

"Ташкилотимиз позицияси республика қонунларига асосланади. Яъни дунёвийлик, тўлиқ дунёвийлик ва фақат дунёвийлик. Бошқа истисноларга, мактабларда ҳижобда юриш ва бошқа дин элементларига ўрин бўлмаслиги лозим. Бу ойдек равшан", - дейди Ришар Сереро.

Амалда эса алоҳида холатлар юзасидан қандай қарор бериш мактаб раҳбариятига боғлиқ. Муслима қизларнинг рўмол ўрагани учун мактабдан ҳайдалиши холлари Францияда олдин ҳам бўлган. Бироқ, айни кунларда махсус ҳукумат комиссиясининг рўмол ўраганларга нисбатан кескин чора кўриш ёки кўрмаслик масаласини ўрганиб чиқаётгани боис, Лила ва Алма тақдири жиддий эҳтиросларга сабаб бўлмоқда. Комиссиянинг бу борадаги тўла-тўкис тавсияси шу йил охирига қадар Президент Жак Ширак маъмуриятига тақдим этилиши керак.

Кескин чора тарафдорлари фикрича, мактабда ҳижобда юриш ўқувчилар орасида ҳар хил провокацияларга сабаб бўлиши мумкин. Франциянинг иқтидордаги консерватив партияси аъзоси Жак Миярд ҳам шундай фикрда.

"Мактабларимизда ҳеч бир дин элементи бўлмаслиги керак. Бироқ, бир неча йилдирки айрим мусулмонлар бу қонуниятни бузишга, ҳижобга ўраниб, ўзларининг мусулмон эканликларини бошқаларга кўз-кўз қилишга уринмоқдалар", - дейди Жак Миярд.

Бироқ, Париждаги Инсон ҳуқуқлари лигаси президенти Мишел Тубиана фикрича, ҳижоб киювчиларга нисбатан кескин чора қўллаш қарори Францияни эътиқод эркинлиги борасида олган халқаро мажбуриятларидан оғдириши мумкин. Шунингдек, франциялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бундай қарор беш миллионлик француз мусулмон жамиятини ноқулай аҳволга тушириб қўйиши мумкинлигини гапиради.

"Аслида ҳеч бир дин вакилларининг кундалик кийинишлари шу пайтгача эътирозларга учрамаган эди. Негадир фақат муслималар киядиган ҳижоб сўнгги пайтларда нишонга олинмоқда. Шундай экан уни жамоатчилик жойларида кийишни ман этиш борасидаги қарорни ноўрин деб ҳисоблайман".
XS
SM
MD
LG