Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:31

Эркчиларнинг уйлари прокурор санкциясисиз тинтув қилинди


Шайбон 13 октябрь куни кечки пайт «Эрк» демократик партиясининг икки аъзоси - Абдуҳошим Ғафуров ва Ойгул Маматова кетаётган енгил автомашина Тошкент шаҳри четидаги «Минерал сувлар» автомобиль назорати пости яқинида тўхтатилиб, тинтув қилинди.

Тинтув вақтида «Эрк» етакчиси, айни пайтда муҳожирликда бўлган Муҳаммад Солиҳнинг китоблари, шунингдек, партиянинг 22 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилаётган қурултойи иштирокчилари рўйхати мусодара этилди. Шундан сўнг О.Маматова ва А.Ғафуров Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

Собир Раҳимов тумани ички ишлар бўлими вакили Дилмурод Нурмуҳаммедовнинг маълум қилишича, эркчилар ҳибсга олинмагани боис, уларга нисбатан тергов ҳаракатлари қўзғатилмади. Унинг айтишича, машинадан топилган китоблар ва рўйхат мусодара этилмаган, балки экспертиза учун вақтинчалик олиб қўйилган.

Эркчиларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмаётган бўлса-да, шу куни улар истиқомат қилаётган хонадонларда прокурор санкциясисиз тинтув ўтказилди.

А.Ғафуровнинг сўзларига қараганда, тинтув вақтида унинг уйидан Муҳаммад Солиҳнинг партия қурултойига мурожаати, компьютер, принтер, ксерокс аппарати, қурултойда тарқатилиши режалаштирилган материаллар ва бошқа нарсалар олиб қўйилган.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари эркчилардан олиб қўйилган буюмлар экспертиза ўтказилгандан сўнг эгаларига қайтарилишини айтмоқда.

«Ҳьюман райтс уотч» ва «Freedom house» ташкилотлари вакиллари, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари милиция ходимлари томонидан Ойгул Маматова ва Абдуҳошим Ғофуровга нисбатан содир этилган қонунбузарликларга нисбатан ўз норозиликларини билдирди.

«Ҳьюман райтс уотч» вакиласи Матильда Богнернинг фикрича, бўлиб ўтган воқеа «Эрк» партиясига нисбатан тазйиқ кучайиб бораётганидан дарак беради. Бу ҳаракатлар ортида партия қурултойини ўтказишга тўсқинлик қилиш мақсади яширинган, деди у.

«Freedom house» ташкилоти вакиласи Маргарита Ассенова ушбу воқеа юзасидан фикр билдириб, эркчиларга нисбатан амалга оширилган қонунбузарликлар юзасидан эътирозлар ҳукуматга етказилишини айтди.

«Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ўзгаришлар юз беряпти, деган умидда эдик. Бўлиб ўтган воқеа бизнинг нечоғли хато хулоса чиқарганимизни исботлади», деди М.Ассенова.
XS
SM
MD
LG