Линклар

БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ироққа оид янги резолюция қабул қилинадими?


Фарангис Саид АҚШ таклиф этган дастлабки резолюция лойиҳасига нафақат Ироқ урушига қаршилик кўрсатган Франция, Германия ва Россия, балки БМТ Бош Котиби Кофи Аннан ҳам қарши чиқди. Бир ҳафта давомида Буш маъмурияти резолюция муҳокамаларини тўхтатиш ва Ироқдаги сиёсатини ҳеч қандай ўзгартиришсиз давом эттиришни ваъда қилиб, бу тактика билан халқаро ҳамжамият қаршилигини синдиришга уриниб кўрди. Кўп ўтмай Оқ Уй муросага боражагини таъкидлаб, лойиҳага кўплар томонидан рамзий деб баҳоланган ўзгартишлар киритди. АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте резолюция чоршанба кечқурун овозга қўйилишини маълум қилди.

Россия, Франция ва Германиянинг БМТдаги вакиллари бир неча ой ичида Ироқда ҳокимиятни АҚШ томонидан тайинланган Ироқ Бошқарув Кенгашидан Ироқ халқи сайлайдиган янги ҳукуматга топшириш ва шу билан суверенитетни тиклашни талаб қилаётган эди. Сўнгги муҳокамалардан кейин эса улар ушбу муҳим талабдан воз кечишга рози бўлдилар. Айни вақтда, уч давлат вакиллари ҳокимиятни янги ҳукуматга топшириш муддати ҳамда бунда Бошқарув Кенгаши ролини аниқ-тиниқ белгилашни таклиф этдилар. Аммо мазкур таклиф АҚШ қаршилигига учради.

Покистоннинг БМТдаги элчиси Мунир Акрам лойиҳага киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади:

- Хавфсизлик Кенгаши доирасида ва ундан ташқарида ўтказилаётган муҳокамаларнинг резолюция лойиҳасига ижобий ўзгартишлар киритишга имкон бериши, оқибатда эса Хавфсизлик Кенгаши овозини қозона оладиган лойиҳа ишлаб чиқилишига умид қиламиз.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси Покистоннинг мазкур масала бўйича позицияси жуда муҳим. Чунки у Ироқда жойлаштирилиши кутилаётган тинчлик сақловчи халқаро кучлар таркибига ўз аскарларини юбориши мумкин.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо 15 давлатдан бештаси, хусусан Россия, Франция ва Германия билан биргаликда Сурия ҳамда Хитой лойиҳани қўллаб-қувватламай, овоз бермаслиги мумкин.

БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо бошқа давлатлар эса Ироқдаги АҚШ етакчилигидаги кампаниянинг ижобий оқибатлари салбий тарафларидан кўпроқ, деб ҳисоблашмоқда. Шу билан бирга Ироқ урушида Вашингтонни бошдан қўллаб-қувватлаб келган Британия БМТ резолюциясисиз Ироқдаги ишларни давом эттирмаслиги мумкинлигини маълум қилди. Унга Испания ва Камерун ҳам жўр бўлди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг янги резолюцияси Ироқ келажагини белгилаб бериши шубҳасиз. Чунки халқаро донорлар ҳам пост-Саддам Ироқи иқтисодига сармоя ётқизиш масаласини айнан резолюцияга асосланган ҳолда кўриб чиқадилар.

БМТ, Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармаси ҳисоб-китобларига кўра, 2004-2007 йилларда Ироқ иқтисодининг 14 муҳим соҳаси 36 миллиард доллар маблағ талаб қилади.

Жаҳон Банкининг Ироқ дастури мувофиқлаштирувчиси Николас Краффт Ироқ олдидаги муаммоларни мана бундай изоҳлади:

- Ҳозирда Ироқда бир вақтнинг ўзида кечаётган ва вазиятни мураккаблаштираётган икки жараённи кузатиш мумкин. Бири – Шарқий Европа туридаги иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш бўлиб, унинг Албания билан ўхшаш тарафлари кўплигини ёдингиздан чиқарманг. Чунки иқтисодиёт қарийб 10 йил давомида ёпиқ бўлиб келган. Ва иккинчиси – сўнгги 20 йил давомида инкор этиб келинган қайта қуришдир.

Маълумотларга кўра, БМТ ва Жаҳон банки Ироқни қайта тиклаш ишларига сармоя ётқизишга тайёр мамлакатлардан таклиф олаётирлар. 23-24 октябр кунлари Испания пойтахти Мадридда донорлар конференцияси бўлиб ўтади. Унда 45 давлат вакилларининг қатнашиши, анжуман натижасида эса келаси йилда Ироқни қайта тиклаш ишлари учун 2 миллиард доллар маблағ йиғилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG